Ар-Риёд музокаралари: Россия Украинанинг 4 вилоятини талаб қилмоқда
Олам
−
25 Март
12064Россия Саудия Арабистонидаги АҚШ билан музокаралар чоғида Украинадаги тўртта вилоят – Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон устидан ўз назоратини ўрнатишни талаб қилган. Бу ҳақда Кремль позициясидан хабардор бўлган бир неча манбага таяниб, “The Moscow Times” хабар берди.
Кремлга яқин манбанинг сўзларига кўра, Россия мазкур вилоятлар устидан ҳар қандай йўл билан назоратни мустаҳкамлашга интилмоқда.
“Конституцияда ҳудудларнинг Россия таркибидан чиқиш механизми мавжуд эмас. Бизга бутун Запорожье ва бутун Херсон вилояти керак”, деган манба.
Бошқа бир манба – амалдаги Россия расмийсининг сўзларига кўра, Кремль Вашингтоннинг Киевга Россия томонидан босиб олинган ҳудудлардан бутунлай қўшинларини олиб чиқиш талабини қўйишига умид қилмоқда.
“Ёки Трамп уларга босим ўтказиб, чиқиб кетишга мажбур қилади, ёки бизга “узоқ музокараларга киринг ва параллел равишда ҳарбий куч орқали назоратни ўрнатишга ҳаракат қилинг”, дейишади. Бу биз учун энг ёмон вариант, чунки дарёларни кечиб ўтиш – доим оғриқли операция”, дея тушунтирган манба.
Муқобил вариант сифатида Россия бошқа бир Украина вилоятининг, масалан, Днепропетровск ёки Суми вилоятининг бир қисмини эгаллаб, кейинчалик уни Херсон ва Запорожье билан алмашишни таклиф қилиши мумкин.
“Биз Днепрни кечиб ўтиш ва Херсонни штурм қилишга мажбур бўлмайдиган вариантни топишга умид қиламиз. Жуда умид қиламанки, бунга етиб бормаймиз. Чунки бу биз учун минглаб йўқотишларни англатади”, дейди манба.
Жорий йил февраль ойи ҳолатига кўра, Россия армияси Луганск вилоятининг 98,6 фоизини, Донецкнинг 62,6 фоизини, Запорожьенинг 71,9 фоизини ва Херсоннинг 69,3 фоизини назорат қилган.
Шунингдек, нашрнинг ёзишича, Москвада Дональд Трамп маъмурияти учун айнан қайси ҳудудлар Кремль назоратига ўтиши унчалик муҳим эмас, деган умид бор. Бу ҳақда икки нафар россиялик дипломат маълум қилган.
“Мен тушунган нарсага кўра, Трамп замонавий, яхши қуролланган ва ғарбпараст Украинани кўришни истайди. У шунчаки бутун Украинани топшира олмайди. Аммо чегаранинг қаердан ўтиши у учун унчалик муҳим эмас”, деган дипломатлардан бири.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони пойтахтида америкалик воситачилар Россия ва Украина делегациялари билан алоҳида музокаралар ўтказаётгани, чунки Вашингтон уч йилдан ортиқ давом этган урушдан сўнг Москва ва Киев ўртасида чекланган сулҳга эришмоқчи эканлиги ҳақида хабар берилганди. Учрашув матбуот учун ёпиқ тарзда ўтказилган.
LiveБарчаси