АПЛда Ғазода қурбон бўлганлар хотирасига сукут сақланади
Спорт
−
13 Октябрь 2023
4157Ғазодаги қуролли ҳаракатлардан жабрланганларнинг барчасига ҳурмат белгиси сифатида Англия чемпионати футболчилари, мураббий ва расмийлар 21-23 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган чемпионат ўйинларида қўлларига қора тасма тақиб, бир дақиқалик сукут сақлайди. Бу ҳақда лига ўз X саҳифасида маълум қилди.
“АПЛ Исроил ва Ғазода кучайиб бораётган ҳолатдан чуқур қайғуда ва бегуноҳ фуқароларга нисбатан даҳшатли шафқатсиз зўравонлик ҳаракатларини кескин қоралайди. Биз тинчликка умид қиламиз ва қурбонлар, уларнинг оилалари ва жабрланганларга чуқур ҳамдардлик билдирамиз”, дейилади лига саҳифасида.
Шунингдек, дунёнинг энг кучли футбол чемпионати қурбонларга ҳурмат белгиси сифатида турли тадбирлар амалга оширилишини маълум қилган.
“Барча жабрланганларга ҳурмат белгиси сифатида АПЛ футболчилари, мураббий ва расмий ходимлар 21 октябрдан 23 октябрга қадар бўлиб ўтадиган чемпионат ўйинларида қўлларига қора тасма тақиб, бир дақиқалик сукут сақлайди. Лига, шунингдек, Исроил ва Ғазодаги муҳтожларга ёрдам бериш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди”, дейилади АПЛ хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазога қилинган ҳужумдан қурбон бўлганлар сони 1 500 дан ошганди. 7 октябрдан бери Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумларида 1537 киши, жумладан 500 бола ва 276 аёл ҳалок бўлгани, 6612 киши яралангани қайд этилган.
LiveБарчаси