АПЛ: “Челси” ва “Ливерпуль” йирик ҳисобда ғалаба қозонди
Спорт
−
15 Август 2021
3687Кеча, 14 август куни Англия премьер лигасининг 1-туридан ўрин олган 7 та учрашув бўлиб ўтди.
“Ливерпуль” меҳмонда “Норвич”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди.
Учрашувнинг 26-дақиқасида “Ливерпуль” ҳужумчилари қарши ҳужумга қочди. Трент Александр Арнольд жарима майдончаси томон кучли узатма берди, Муҳаммад Салоҳ бир тегиниш билан “Норвич”нинг икки ҳимоячисини зарарсизлантирди ва Диого Жотани зарба ҳолатига олиб чиқди. Жота эса ҳисобни очди – 1:0.
65-дақиқада Жотанинг ўрнига Роберто Фирмино майдонга тушди. У Салоҳнинг навбатдаги голли узатмасидан сўнг, орадаги фарқни иккита голга оширди. 79-дақиқада Салаҳнинг ўзи Тим Крул дарвозасига учинчи голни урди ва Учрашувдаги якуний ҳисобни ўрнатди – 3:0.
Шунингдек, “Челси” ўз майдонида “Кристал Пелас”ни ишончли тарзда мағлуб этди.
Учрашувнинг 27-дақиқасида бош ҳакам меҳмонлар жарима майдончаси яқинида қоидабузарлик қайд этди. Испаниялик Маркос Алонсо тўпга яқинлашди ва дарвозанинг юқори тўққизлигини аниқ нишонга олди – 1:0. Биринчи бўлим охирида Кристиан Пулишич ўртадаги устунликни оширди ва жамоалар танаффусга йўл олди.
Учрашувнинг иккинчи ярмида “Челси” ўйинни назорат қилишни давом эттирди ва 58-дақиқада янги ҳарид қилинган Трево Чалоба “Кристал Пелас” дарвозасига узоқ масофадан кучли зарба бериб, дебют ўйинидаёқ, ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди.
Шунингдек, АПЛ 1-турида “Бёрнли” - “Брайтон” (1:2), “Эвертон” - “Саутгемптон” (3:1), “Лестер” - “Вульверхемптон” (1:0), “Уотфорд” - “Астон Вилла” (3:2) учрашувлари ўтказилди.
Маълумот учун, бугун, 15 август куни турнинг марказий учрашуви Лондонда “Тоттенхэм” ва “Манчестер Сити” жамоалари ўртасида бўлиб ўтади.