АОКАдан огоҳлантириш: энди қонунларни бузган ОАВ жазоланади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги оммавий ахборот воситаларида йўл қўйилаётган қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан расмий ахборот берди. Шунингдек, агентлик ОАВни ўз фаолиятида тегишли талабларга қатъий риоя этмаслиги эндиликда уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган жазо чоралари қўлланишига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

“Ўзбекистон кейинги йилларда очиқлик ва ошкоралик сиёсати йўлидан дадиллик билан боряпти. Бугун давлат органлари, барча даражадаги ташкилотлар фаолиятида шаффофлик энг муҳим мезон сифатида баҳоланмоқда. Ўз навбатида, ахборот соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул орган сифатида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам зиммасидаги вазифаларни бажариб келмоқда.

Албатта, ҳар қандай жамиятда очиқлик ва сўз эркинлигини таъминлаш жараёнида муаммолар бўлиши табиий. Жаҳон амалиётида бирор бир ахборот воситаси қонунбузарлик содир этса, унинг фаолиятини судга ошириш, турли жарималар ва ҳаттоки фаолиятини тўхтатиб туришгача бўлган чоралар қўлланиши кузатилади. Бугунги шароитда АОКА эндигина оёққа тураётган мустақил ОАВни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида улар йўл қўйган қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан расмий огоҳлантириш билан чекланмоқда ва ўз ваколатидаги бошқа чораларни ҳозирча қўлламай келмоқда”, дейилади агентлик баёнотида.

АОКА расмий мақомга эга 1 минг 777 та ахборот субъектига нисбатан қонун барчага баробарлиги тамойили асосида ёндашаётганини ОАВда қонунга зид ҳолатларни бартараф этишга доир огоҳлантиришлар кесимида ҳам яққол кўриш мумкинлиги таъкидланган. Жумладан, 2019 йилда жами 150 та – шундан теле-радио каналларга 75 та, даврий босма нашрларга 65 та, интернет сайтларга 10 та тақдимнома ва огоҳлантириш юборилган.

2020 йилнинг ўтган 9 ойида жами 90 та – шундан телевидение ва радиога 39 та, даврий босма нашрларга 29 та, Интернет нашрларига 22 та тақдимнома киритилган.

“Пандемия шароитида бизнес-субъектларини текшириб жазога тортиш бўйича жорий этилган мораторийни, шу жумладан ахборот олишда ва уни текширишда юзага келган айрим қийинчиликларни инобатга олган ҳолда, Агентлик айрим ОАВда турли фейк ва текширилмаган ёки қонунга хилоф маълумотлар эълон қилингани ҳолда, уларга асосан оғзаки огоҳлантириш бериш билан чекланди. Алоҳида таъкидлаш лозимки, шу кунгача огоҳлантириш хатлари юборилиши натижасида бирорта ахборот субъекти маъмурий, молиявий ёки жиноий жазога тортилмаган. Бироқ ушбу вақтинчалик ёндашув қонунбузарларга умуман чора кўрилмаслигини англатмайди. АОКА ахборот субъектларининг бундан хулоса чиқармаслиги ва ўз фаолиятида тегишли талабларга қатъий риоя этмаслиги эндиликда уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган жазо чоралари қўлланишига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантиради”, дейилади баёнотда.

Қўшимча қилинишича, АОКА оммавий ахборот воситаларини қонунбузарлик оқибатларидан огоҳлантириш билан бир қаторда, ҳуқуқлари бузилган журналистларни ҳимоя қилиш масаласига ҳам ўз ваколати доирасида жиддий эътибор қаратяпти.

Хусусан, шу йилнинг ўзида ўн нафарга яқин журналист ва блогерга нисбатан қаршилик кўрсатиш, ахборот тарқатганлик учун асоссиз сўроққа тутиш каби ҳолатлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Олий суд ва Фарғона вилояти ҳокимлигига журналистик фаолиятга тўсқинлик қилишни зудлик билан тўхтатиш, айбдорларни белгиланган тартибда жазолаш, бундай ҳолатлар такрорланишига бошқа йўл қўймаслик тўғрисида ёзма талабнома ва мурожаатлар юборилган.


Мақола муаллифи

Теглар

ОАВ АОКА

Баҳолаганлар

71

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг