“Аннексия – жудаям оғир сўз”: Украина Тоқаевнинг Қрим ҳақидаги фикридан норози
Олам
−
05 Декабрь 2019
7184Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Қрим Россия томонидан босиб олинганини рад этгани муносабати билан Украина Президент расмий Нур-Султонга демарш (бирор давлатнинг бошқа давлатга йўналтирган дипломатик чиқиши) билан чиқади. Бу ҳақда УНИАН Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Екатерина Зеленконинг баёнотига асосан ёзмоқда.
“Оммавий ахборот воситаларида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Россия Украинага тегишли Қримни босиб олганини рад этиши билан боғлиқ баёнотлари тўғрисида тарқалган хабарлардан ташвишдамиз”, дейилади Украина ТИВ баёнотида.
Хусусан, Зеленко Украина доимо Қозоғистонни ўзининг шериги ва дўсти сифатида кўриб келганини таъкидлаган.
“Ўзаро ишонч тамойиллари, мустақиллик, давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлик ва чегаралар дахлсизлигини ҳурмат қилиш, тенглик ва бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, шунингдек, Украина ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги давлатлараро муносабатларнинг асосини ташкил этувчи халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилиш. Ушбу мезонлар 1994 йилда имзоланган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномада мустаҳкамланган, шундан бери давлатимиз уларга қатъий риоя қилиб келганди”, деган Зеленко.
Зеленко Тоқаевнинг сўзлари нафақат Украина-Қозоғистон муносабатларининг асосига, балки БМТ Бош ассамблеясининг 2014 йил 27 мартдаги “Украинанинг ҳудудий яхлитлиги” номли резолюциясида қайд этилган халқаро позицияга зид эканига урғу берган.
“Қозоғистон Президенти бундай баёнотларни ҳар икки томон аъзо бўлган ташкилот - ЕХҲТ вазирлар учрашуви арафасида бергани жуда афсусланарли. Хелсинки якуний актига кўра, ЕХҲТнинг асосий принципларидан бири бу - давлатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш”, дейилади баёнотда.
Шу муносабат билан билдирилишича, “тегишли очиқ дипломатик ҳаракат Қозоғистон томонига етказилади”.
Таъкидлаш керакки, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Германиянинг "Deutsche Welle" нашрига берган интервьюсида “Қримда рўй берган воқеаларни” аннекция (босиб олиш) деб ҳисобламаслигини айтганди.
"Нима юз берган бўлса, ўтиб кетди. Аннексия – Қримга нисбатан жуда оғир сўз", деган Тоқаев. У Қозоғистон доим Россия сиёсатининг тўғрилигига ишонишини қўшимча қилган.
LiveБарчаси