Англия пуллардаги тарихий шахслар тасвирини ҳайвонларга алмаштирмоқчи

Олам

image

Буюк Британия банкноталаридан тарихий шахслар тасвири олиб ташланиб, уларнинг ўрнини ҳайвонлар эгаллаши мумкин. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Англия банки келажакда муомалага чиқариладиган £5, £10, £20 ва £50 номиналидаги банкноталар учун 18 турдаги ҳайвон, қуш ва ҳашаротдан иборат қисқа рўйхатни эълон қилди ҳамда жамоатчилик овоз бериш жараёнини бошлади.

Ташаббус амалга оширилса, 1970 йилдан бери илк бор банкноталарнинг орқа томонида машҳур тарихий шахслар эмас, Британия ёввойи табиатининг вакиллари тасвирланади. Шу билан бирга, банкноталарда мамлакат монархи портрети ва Бирлашган Қироллик таркибидаги ҳудудларни ифодаловчи рамзлар сақланиб қолади.

Қайд этилишича, номзодлар уч тоифага бўлинган. Сут эмизувчилар қаторига афалина дельфини, қўнғир қуён, типратикан, кулранг тюлень, қарағай сувсари ва қизил тулки киритилган. Қушлар орасида Атлантика тупиғи (puffin), омбор бойўғлиси, зимородок, Евроосиё курлиуси, катта ола тоқилдоқ ва оқ думли бургут бор. Учинчи тоифадан эса Атлантика лососи, улкан акула, думдор асалари, қурбақа, император сувпариси ва ботқоқ капалаги ўрин олган.

Англия банки маълумотларига кўра, фуқаролар 3 июлгача ўзларига маъқул бўлган номзодларга овоз бериши мумкин. Бироқ якуний қарор жамоатчилик эмас, Англия банки раҳбари Эндрю Бейли томонидан қабул қилинади. Шу сабабли энг кўп овоз тўплаган тўртта жонзотнинг банкноталарга чиқиши кафолатланмаган.

Номзодлар рўйхатини шакллантириш учун махсус экспертлар гуруҳи жалб қилинган. Унинг таркибига табиатшунос олимлар, экологлар ва ёввойи табиат ҳақидаги кўрсатувлар муаллифлари кирган.

Ташаббус мамлакат сиёсий доираларида баҳсларга ҳам сабаб бўлган. Ислоҳотчилар партияси раҳбари Найжел Фараж аввалроқ тарихий шахсларни ҳайвонлар билан алмаштириш ғоясини танқид қилган бўлса, бошқа сиёсатчилар ҳам бу қарор вақти нотўғри танланганини айтган.

“Қисқа рўйхатга киритилган ҳайвонлар Буюк Британия табиатининг бой хилма-хиллигини намоён этади”, дея таъкидлаган Англия банкининг бош ғазначиси Виктория Клеланд жамоатчиликни муҳокамада фаол иштирок этишга чақириб.

Ҳозирги кунда муомаладаги банкноталарда собиқ бош вазир Уинстон Черчилль, ёзувчи Жейн Остин, рассом Жозеф Мэллорд Уильям Тёрнер ва математик Алан Тьюринг тасвирланган.

Англия банки маълум қилишича, банкноталар дизайни вақти-вақти билан янгиланиб турилади ва бу жараён қалбакилаштиришга қарши курашиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Молия вазири Скотт Бессент Президент Дональд Трамп сурати туширилган 250 долларлик янги банкнота тайёрланаётганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳайвон банкнота Анлия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг