Анқарада ТДТ Президентларининг Фавқулодда саммити ўтказиляпти
Олам
−
14 Март 2023
12943Жорий йилнинг 16 март куни Туркия пойтахти Анқарада Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар Давлат раҳбарларининг навбатдан ташқари саммити бўлиб ўтади. Саммит Озарбайжон таклифи билан ўтказилишига қарор қилинган.
Президент қароргоҳида Туркия Президенти жаноб Ражаб Тойиб Эрдўған мезбонлигида бўлиб ўтадиган саммитда ТДТга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг давлат/ҳукумат раҳбарлари ҳамда ТДТ Бош котиби иштирок этиши кутилмоқда.
“Фавқулодда вазиятларни бошқариш ва инсонпарварлик ёрдами” мавзусига бағишланган саммит, Туркиянинг жанубий ва жануби-шарқий минтақаларида содир бўлган зилзила фалокати туфайли юзага келган фавқулодда кун тартибининг энг юқори даражада муҳокама қилинадиган платформасини яратади. Раҳбарлар табиий офатларга қарши курашда ташкилот доирасида мустаҳкам кўп томонлама ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш механизмларини ўрнатишга эътибор қаратадилар ҳамда минтақадаги долзарб муаммолар юзасидан маслаҳатлашадилар.
“Маълумки, Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатлар катта бирдамлик кўрсатиб, Туркияга ёрдам бериш учун сафарбар бўлди ва бу даврда юборган қидирув-қутқарув гуруҳлари ва инсонпарварлик ёрдамлари билан мамлакатларимиз ўртасидаги қардошлик ришталари мустаҳкамланди”, дейилади ТДТ хабарида.
Саммит дастури якунида давлат раҳбарлари Анқара декларациясини имзолайдилар.
ТДТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ўша куни эрталаб Анқарада йиғилиб, Давлат раҳбарлари муҳокама қиладиган кун тартиби масалалари бўйича якуний ишларни амалга оширади.
Фавқулодда саммитга жаноб Бинали Йилдирим раислигидаги ТДТ Оқсоқоллар Кенгаши аъзолари ҳамда Турк Ҳамкорлик Ташкилоти Президентлари ва Бош Котиблари иштирок этади.
Ҳозирча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу саммитда иштирок этиш ё этмаслиги ҳақида расмий баёнот берилгани йўқ.
Маълумот учун, Туркий Давлат Ташкилоти Қозоғистон Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон аъзолигидаги ташкилот бўлиб, Туркманистон, Венгрия ва Шимолий Кипр Турк Республикаси ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Ташкилотнинг сўнгги саммити 2022 йилнинг 11 ноябрь куни Самарқандда ўтказилган эди.
LiveБарчаси