Анқара Эрдўғаннинг аҳволи оғирлашгани ҳақидаги хабарларни рад этди
Олам
−
27 Апрель 2023
7629Кеча, 26 апрель куни тармоқларда кенг тарқалган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг юрак хуружига учрагани ва касалхонага ётқизилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди. Бу ҳақда Эрдўған маъмуриятининг алоқа бўлими қошида ташкил этилган Дезинформацияга қарши кураш маркази ахборот берди.
“Президент Эрдўғаннинг юрак хуружи бўлгани ва касалхонага ётқизилгани ҳақидаги иддаолар ҳақиқатга тўғри келмайди. Президент эртага бўлиб ўтадиган “Оққую” атом электр станциясида биринчи ёқилғини юклаш маросимида жонли эфир орқали иштирок этади”, дейилади марказ хабарида.
Агентликнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқларда Эрдўғаннинг юрак хуружига учрагани ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлган. Шунингдек, Туркия раҳбари Анқарадаги офисидан “Оққую” атом электр станцияси участкаси билан боғланиши кўрсатилган.
Президент маъмурияти ҳам Туркия раҳбарининг соғлиғи ёмонлашаётгани ҳақидаги асоссиз даъволарни кескин рад этди.
“Президентимиз Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг соғлиғи ҳақидаги бу асоссиз даъволарни қатъиян рад этамиз. Эртага президентимиз видеоконференция орқали “Оққую” атом электр станциясининг ишга туширилишида иштирок этади. Қанчалик дезинформация қилишмасин, уларни ўзгартира олмайди. Турк халқи ўз раҳбарини қўллаб-қувватлаётгани ва 14 май куни бўлиб ўтадиган сайловда Ражаб Тойиб Эрдўған ва Адолат ва тараққиёт партияси ғалаба қозониши ҳақиқатдир”, дейилади маъмуриятнинг Twitter'даги расмий саҳифасида эълон қилинган баёнотда.
Шунингдек, Туркия вице-президенти Фуат Октай Анқара-Сивас шаҳарлари ўртасида тезюрар поезднинг йўлга қўйилиши муносабати билан қилган чиқишида Эрдўғанда “енгил шамоллаш” борлигини айтган.
“Президентимизнинг аҳволи жуда яхши. Доимий алоқадамиз. Бир оз шамоллаб қолган”, дея таъкидлади сиёсатчи.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 апрель куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған жонли эфирда нутқ сўзлаётган вақтида аҳволи ёмонлашган ва 20 дақиқалардан сўнг ўзига келганди. Кейинроқ давлат раҳбари миокард инфарктини бошидан ўтказгани ва реанимацияда бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар тарқалганди. Шунингдек, у чоршанба кунига режалаштирилган барча оммавий чиқишларни бекор қилганди. Бундан ташқари, у “Оққую” АЭСда ядровий ёқилғи етказиб бериш маросимида иштирок этиш учун бугун, 27 апрель куни Мерсинга сафарини бекор қилгани ва у видео алоқа орқали иштирок этиши маълум қилинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь