Ангренда Жанубий Кореянинг Кукмин университети ташкил этилади
Жамият
−
03 Июнь 2020
7043Ангренда Жанубий Кореянинг Кукмин университети ташкил этиши бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Қарорга кўра, Ангрен шаҳар ҳокимлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Жанубий Корея Кукмин университети KBFBSI ва "G-global star group" инвесторлар гуруҳининг (Жанубий Корея) олий таълим соҳасида таълим хизматлари кўрсатиш учун Ангрен шаҳрида Кукмин университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
Университет фаолияти Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикасининг амалдаги қонунчилиги, икки давлат ўртасида имзоланган халқаро шартномалар, шунингдек Таъсисчилар ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида имзоланган шартнома асосида амалга оширилади. Университетда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб кадрлар тайёрланадиган бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати тасдиқланади.
Университетда ўқитиш инглиз, корейс, рус ва ўзбек тилларида олиб борилади. Шунингдек, ўқитиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Кукмин Университети KBFBSI томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Узоқ ҳудудлардан келган ва ётоқхонага муҳтож талабаларни таъминлаш учун Университет ҳудудида 400 ўринли талабалар турар жойини қурилади. Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган Кукмин Университети KBFBSIнинг белгиланган намунадаги дипломини берилади.