Андижонда сирли туннель қазиганлар қамалди (видео)
3-саҳифа
−
29 Апрель
8336Ўтган йилнинг март ойида Андижон вилояти Хонобод шаҳри “А.Навоий” МФЙ ҳудудини Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Бекобод қишлоғи билан боғловчи яширин ерости туннели ташкил қилингани аниқланган. Мазкур ҳолат бўйича 1 нафар Қирғизистон фуқароси 6 йилга, 4 нафар Ўзбекистон фуқароси 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, дастлаб 1986 йилда туғилган Қирғиз Республикаси фуқароси ерости йўли орқали Ўзбекистонга умумий баҳоси 5 млрд 954 млн сўмлик 812 дона мобил телефон воситаларини олиб ўтиб, мамлакатдан эса қиймати 1 млрд 558 млн сўмга тенг бўлган 1 кг 734 гр ностандарт қуйма олтин буюмларни олиб чиқиб кетмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг Андижон шаҳри ва Олтинкўл туманида яшовчи, 1971, 1979 ва 1980 йилларда туғилган 3 нафар шеригига тегишли манзилларда мазкур ерости йўлаги орқали олиб ўтилган 2 млрд 839 млн сўмлик жами 1380 дона мобил телефон аппаратлари, 32 дона қулоқчинлар, 920 дона адаптерлар, 338 дона USB-С кабеллар, 40 дона қувватлагичлар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ерости туннели 18-20 метр чуқурликда жойлашган бўлиб, унинг кенглиги 60-70 сантиметрни, баландлиги 170-180 сантиметрни, узунлиги эса 300-350 метрни ташкил қилади.
Олиб борилган тергов жараёнларида ушбу уюшган жиноий гуруҳга 1983 йилда туғилган Қирғиз Республикаси фуқароси раҳбарлик қилгани аниқланиб, у томонидан гуруҳ аъзолари ўртасида вазифалар тақсимланган. Ҳозирда унга нисбатан ҳам алоҳида жиноят иши олиб борилмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан 1986 йилда туғилган Қирғиз Республикаси фуқароси Жиноят Кодекснинг 182 ва 223-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 6 йил муддатга, 3 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари эса Жиноят Кодексининг 182-моддаси билан айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бири 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
“Суд ҳукмига мувофиқ, улардан олинган товар-моддий бойликлар ҳамда Хонобод шаҳри А.Навоий МФЙдаги хонадон ундаги “ерости туннели” кўмиш йўли билан йўқ қилиниб, давлат фойдасига мусодара қилинди”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, 1984 йилда туғилган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг Хонобод шаҳар “А.Навоий” МФЙдаги хонадонида аниқланган иккинчи ерости туннели ҳам суд ҳукмига мувофиқ, тегишли тартибда йўқ қилиниб, мазкур уй ҳамда ашёвий далил сифатида олинган товар-моддий бойликлар давлат фойдасига мусодара қилинган. Қонунбузарга нисбатан эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Тергов жараёнида, ушбу ерости туннеллари орқали Қирғиз Республикасидан олиб ўтилган турли русумдаги мобил телефон аппаратлари Андижон ва Тошкент шаҳарларидаги савдо марказларида сотувга чиқарилганлиги аниқланиб, ҳозирда мазкур йўналишда тегишли суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида 450 метрлик нефть маҳсулотларини контрабанда қилиш учун мўлжалланган туннель йўқ қилинганди. Мазкур туннель орқали ҳар куни 5-7 тонна нефть маҳсулотлари ноқонуний олиб ўтилган. Ушбу ноқонуний фаолият тахминан икки ой давом этган.
LiveБарчаси