Андижонда марказий байроқ вилоят ҳокимининг онаси вафоти муносабати билан туширилганмиди?
Жамият
−
22 Июнь 2020
15917Ижтимоий тармоқларда Андижондаги марказий байроқ вилоят ҳокимининг онаси вафот этгани муносабати билан тушириб қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Вилоят ҳокимлиги шу хабарларга расмий муносабат билдириб, байроқнинг туширилиш сабабини маълум қилди.
Қайд этилишича, байроқ матосига жиддий шикаст етганлигини инобатга олган ҳолда масъуллар томонидан байроқ пастга туширилган ва 2020 йил 20 июнь куни янги байроқ ўз жойига ўрнатиб қўйилган.
“2020 йил 19 июнь куни Андижон шаҳридаги марказий байроқ масъул мутахассислар томонидан пастга туширилган. Байроқни туширилишига асосий сабаб 18 июнь куни юз берган шамол оқибатида байроқ сим арқонга ўралиб, матога жиддий шикаст етганлиги маълум бўлган”, дейилади хабарда.
Андижон вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати Андижон шаҳридаги марказий байроқ туширилишидан ҳеч қандай мақсад кўзланмаганлигини ва аксинча матога жиддий шикаст етганлиги сабабли пастга туширилиб, унинг ўрнига янги байроқ қайта ўз жойига ўрнатилганига урғу берган.
Эслатиб ўтамиз, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг онаси жорий йилнинг 9 июнь куни оламдан кўз юмганди.