Андижонда коронавирусдан илк ўлим қайд этилди
Жамият
−
21 Июль 2020
7540Ўзбекистонда коронавирусдан навбатдаги икки ўлим ҳолати қайд этилди. Шу тариқа расман эълон қилинган қурбонлар сони 94 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Андижон вилояти Андижон шаҳрида яшаган 42 ёшли Ғ.И. (эркак)да жорий йил 15 июль куни “COVID-19” тасдиқланган ва у вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.
Унга “COVID-19” инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, гипертония, қандли диабет, семизликнинг 4-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.
Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.
Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги ҳамда ўпка шишидан вафот этган.
Яна бир бемор Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 51 ёшли З.С. (эркак) 17 июль куни ИИВ Марказий госпиталининг реанимация бўлимига ётқизилган ва 18 июль куни унда “COVID-19” тасдиқланган.
Унга “COVID-19” инфекциясининг оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Беморда касаллик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асорати билан кечган.
Шунингдек, унда юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг ўта оғир кечиши, иккала болдир артериялари окклюзияси, чап сон ёнбош артерияси стенози, сурункали панкреатит каби ҳамроҳ хасталиклар бўлган.
Беморга мутахассислар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар ўтказилган, даволаш жараёни белгиланган стандартлар асосида олиб борилган.
Асосий касаллик асоратлари ҳисобига беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, мутахассислар томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь