Андижонда қариндошининг Nexia’сини ижарага олган шахс машинани сотиб юборди
3-саҳифа
−
30 Март
8013Андижон вилояти Марҳамат туманида ижарага олинган Nexia DOHC русумли автомобиль сотиб юборилгани аниқланди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Билдирилишича, Марҳамат туманида яшовчи Э.А. (аёл) қариндоши Х.А.га ўзига тегишли бўлган Nexia DOHC русумли автомашинасини ижарага берган. Бироқ, бир муддат ўтгач машинанинг ижара тўловлари тўланмаган ва аёл ўз машинасини қайтариб ҳам ололмаган.
Шундан сўнг, Э.А. судга мурожаат қилиб, мулкини ноқонуний эгаликдан талаб қилиб олиш бўйича ариза киритган.
Суднинг қарорига биноан, Х.А.дан Nexia DOHC русумли автомашина Э.А.нинг эгалигига олиб берилиши белгиланади. Мажбурий ижро бюросининг Марҳамат туман бўлими томонидан суд қарори ижроси юзасидан автомашинага нисбатан қидирув эълон қилинади.
Бўлим давлат ижрочиси томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида Х.А. автомашинани бошқа бир шахсга сотиб юборгани маълум бўлган. Тўпланган маълумотларга асосан қидирув ҳаракатлари давом эттирилиб, Э.А.га тегишли Nexia DOHC русумли автомашина Андижон шаридан топиб келтирилиб, ўз эгасига топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда PUBG ҳисобини сотиб олмоқчи бўлган йигит чув тушган эди.