Андижонда институт ходимларининг маоши шанбалик учун “кесилди”

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Андижон давлат тиббиёт институти ходимлари томонидан уларнинг ойлик иш ҳақидан шанбалик учун пул маблағлари ушлаб қолинаётганлиги мазмунида хабар кенг тарқалди. Адлия вазирлиги мазкур хабарларга муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ушбу ҳолат Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида, Андижон давлат тиббиёт институти ректорининг 2021 йил 15 сентябрдаги буйруғи билан ходимларнинг иш ҳақларидан пул маблағларини ихтиёрий равишда шанбалик учун ушлаб қолиш белгиланганлиги аниқланди. 

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 164-моддасига мувофиқ, меҳнат ҳақидан ушлаб қолишга ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Бироқ, институт ректорининг юқоридаги буйруғига асосан 743 нафар ходимларнинг сентябрь ойи учун ойлик иш ҳақидан 100—300 минг сўмдан жами 150 млн сўм маблағлар август ойида ўтказилган ҳашар муносабати билан ушлаб қолинган бўлиб, шундан 221 нафар ходимнинг иш ҳақидан уларнинг розилигисиз пул маблағлари ушлаб қолинган.

Ўрганиш натижасида 150 млн сўм пул маблағлари институт ходимларига тўлиқ қайтарилган ҳамда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган институтнинг мансабдор шахслари интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.

АДТИ ходимларининг маошидан ушлаб қолингани ҳақидаги хабарларга институт ҳам муносабат билдирганди. Унда маъмурият бу маълумотларни буткул рад қилганди.

"2021 йил 21 август куни Андижон давлат тиббиёт институтида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди, лекин институт ходимларининг бирортасининг иш ҳақидан олиб қолинган эмас. Ижтимоий тармоқларда тарқалган бу хабар асоссиз бўлиб, фейк хабар ҳисобланади. Институтда бирор ходим мажбурий меҳнатга жалб этилмайди ва уларнинг розилигисиз бирор тадбир учун ойлик маошларидан ушлаб қолинмайди", дейилган институт хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

Адлия вазирлиги ҳашар

Баҳолаганлар

106

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг