Андижонда 14 кишида коронавирус аниқландими?
Жамият
−
16 Март 2020
70072Бугун, 16 март куни ижтимоий тармоқларда “Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида яшовчи 14 нафар фуқаролар коронавирус аниқланган шифокор аёл билан Франциядан бир самолётда учиб келганлиги ҳамда улар назоратда эканлиги” тўғрисида норасмий хабарлар тарқалди. Ушбу хабарлар юзасидан Андижон вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати ўрганиб чиқиб муносабат билдирди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов назоратида 11 та тегишли ташкилотларнинг раҳбарлари ва ўринбосарларидан иборат вилоят штаби ташкил этилган бўлиб, штаб мутахасисларига тегишли вазифа ва кўрсатмалар берилган, тизимли ишлар ташкил этилмоқда. Шунингдек кунлик ахборот ва таҳлилий маълумотлар тақдим этилмоқда.
“Коронавирус инфекциясини Андижон вилояти ҳудудига кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш” бўйича вилоят штаби берган маълумотларга кўра ушбу норасмий хабарлар асоссизлиги аниқланди.
Вилоят штаби маълумотларига кўра Олтинкўл туманида жойлашган заҳира изоляторида 21 нафар фуқаро бўлиб, улар Андижон вилоятининг турли жойларида яшайди. Ушбу фуқаролар Туркия, Россия давлатларидан келганлар, шунинг учун карантинга - алоҳида тиббий кузатувга олинган, уларда касаллик аломатлари йўқ: тана ҳарорати кўтарилиши, қуруқ йўтал, нафас қисиши ва бошқа белгилари йўқ, уларнинг ҳар бири 14 кунлик тиббий кузатув – карантин тугагандан кейин яна қонда вирус бор-йўқлиги аниқ текширилгандан сўнг маълумотнома тақдим этилган ҳолда уйига жавоб берилишини билдирди.
Ушбу фуқаролар Коронавирус аниқланган шифокор аёл билан бир самолётда Франция давлатидан келмаганлиги аниқланди.
Асоссиз маълумотлар тарқатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини эслатиб ўтамиз”, дейилади хабарда.
Коронавирус инфекциясини Андижон вилояти ҳудудига кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича вилоят штаби маълумотларига кўра 2020 йил 16 март кунги ҳолатига Андижон вилоятида коронавирусга чалинганлар аниқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат кеча, 15 март куни соат 06:00 да қайд этилди. Ушбу вирусни юқтириб олган бемор – олий тоифали шифокор 11 март куни Франциядан қайтган бўлган. Айни вақтда ушбувирусни юқтириб олган беморлар сони 8 нафарга етди.
Маълумот учун, дунё бўйича 170 002 киши коронавирусга чалинган. Шундан, 6524 нафар бемор вафот этган, 77 778 нафар бемор хасталикдан фориғ бўлган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.
LiveБарчаси