Андижон ва Фарғонада психотроп модда савдогарлари ушланди

3-саҳифа

image

Андижон ва Фарғона вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида қарийб 14 минг дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қайд этилишича, Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида ўтказилган тезкор тадбирда Nexia русумли автомашинада йўловчи сифатида ҳаракатланаётган Андижон шаҳрида яшовчи 54 ёшли муқаддам судланган фуқаро Д.Ж. аниқланиб, унга тегишли 1 дона полиэтилен қопда бўлган 1037 дона “Тропикамид” ва  224 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Шунингдек, унинг яшаш хонадонидан ҳам 1778 дона “Регапен” ҳамда таркибида психотроп модда бўлган 500 дона “Соннат” дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган. Ушбу дори воситалари Қирғизистондан олиб келинган.

Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда Қирғизистондан “Риштон” чегара-божхона пости орқали кириб келган 49 ёшли муқаддам бир неча маротаба судланган Н.Г. бошқарувидаги Nexia тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда унда  3527 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.   

Қўқон шаҳрида қайд этилган ҳолатда эса 36 ёшли У.Х. бошқарувидаги Bestune русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда унинг салонида 3360 дона “Регапен” ва 1359 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлган.  Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, мазкур дори воситалари ҳам Қирғиз Республикасидан олиб келинган.

Шу каби ҳаракат Тошкент шаҳрида ҳам аниқланиб, 27 ёшли фуқаро В.Ж. “Ўрикзор савдо комплекси” МЧЖ ҳудудида жойлашган савдо дўконларидан бирида Қирғиз Республикасидан келтирилган, лекин божхона ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган таркибида “Сибутрамин” кучли таъсир қилувчи модда бўлган жами 2153 дона турли хил маҳсулотларни келгусида сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланиб, маҳсулотлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Билдирилишича, ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Қўқон шаҳрида кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Андижон Фарғона психотроп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг