Ана холос! Ўзбекистонликлар 174 млрд сўмга авторақам сотиб олди
Жамият
−
28 Июль 2022
11125Жорий йилнинг олти ойида ўзбекистонликлар 174 млрд сўмлик автомобиль рақамларини аукцион савдолар орқали сотиб олган. Бу ҳақда Товар-хомашё биржаси Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, биржанинг avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида 174 млрд сўмлик 77 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилган. Авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 10 фоизга, ҳажми бўйича 27 фоизга ўсган.
Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,2 млн сўмни ташкил этган. Сотилган авторақамларнинг 93 фоизи жисмоний шахслар, 7 фоизи юридик шахслар томонидан харид қилинган. Сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси 545,4 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 348 млн сўмни ташкил қилди.
“Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 29 фоизи биринчи тоифадаги авторақамлар, 22 фоизи – иккинчи, 13 фоизи – учинчи, 9 фоизи – тўртинчи, 12 фоизи – бешинчи ва 15 фоизи – олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келган”, дейилади хабарда.
Ҳудудлар кесимида энг кўп авторақамлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (45 фоиз), Самарқанд (8 фоиз), Бухоро, Фарғона ва Қашқадарё (6 фоиздан) вилоятларида харид қилинган.
Эслатиб ўтамиз, авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига, 20 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига йўналтирилади.
LiveБарчаси