Жинсий зўрланаётган эшаклар, қарздор халқ, ўлимга кетаётган ўзбеклар – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Ўзбекистонда эшакдан нима мақсадда фойдаланилади? Кулгили савол-а? Аслида бу савол ортида эшакларнинг хўрланиши билан боғлиқ аянчли қатор воқеликлар ётибди. Эшак қулдек ишлатиладиган, саваланадиган, нимталанадиган, қулоғи, думи кесиб олиниб, азобланадиган, сўйилиб, гўштидан кабоб қилинадиган, таассуфки, уят бўлса ҳам айтаман, ҳатто, ўша иш ҳам қилинадиган ҳайвон. Нима қиламиз яшириб? Чирчиқда яна эшак худди шу тарзда хўрланди. “Эколог” жамоат бирлашмасининг хабар беришича, 4 октябрь, айнан Бутунжаҳон ҳайвонларни ҳимоя қилиш кунида сиз видеода кўриб турган эшакнинг қулоқлари кесиб олинган, шавфатсиз калтакланган ва айтганимдек, жинсий зўравонлик ҳам қилинган. Бу Марказий Осиё минтақаси, Афғонистонда тез-тез учраб турадиган, аммо миқ этилмайдиган ҳолат. Сизнингча, ҳайвонга шу даражада ваҳшийлик қилаётган инсон инсонга нисбатан яна қандай даҳшатли қилмишлар содир эта олади? 

Истанбулда аёлни сўйиб кетган эркак Самарқандда ушланди

Ёдингизда бўлса, Ҳафта воқеалари таҳлилининг ўтган галги сонида ўзбекистонлик 36 яшар асл исми Ҳалимахон Одиловна Аҳмадова бўлган аёл Туркиянинг Истанбул шаҳри Фотиҳ тумани, Оқсарой мавзесидаги уйида бўғзидан пичоқланиб ўлдириб кетилгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу жиноятни содир этганликда гумонланаётган шахс ҳам бегона эмас, у ҳам ўзбекистонлик бўлиб чиқди. Гап шундаки, Туркия полицияси аёлни ўлдиришда гумонланаётган 46 яшар Акмалжон Рустамович қилар ишни қилиб, бамайлихотир аёл яшайдиган уйдан чиқиб келаётгани акс этган тасвирларни қўлга киритган ва уни қидиришга тушган. Олинган маълумотларга кўра, эркак аллақачон биринчи рейс билан Туркиядан қочиб, Ўзбекистонга яширинишга улгурган. Туркия матбуоти у Навоий вилоятидан бўлгани ва ўша ерда ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идорлари ходимлари томонидан қўлга олинганини маълум қилди. Ўзбекистон Бош прокуратураси Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов эса QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, гумонланувчи ҳақиқатдан ҳам навоийлик, аммо у Самарқандда, танишининг уйида  ушланган. 

1979 йилда туғилган ушбу шахс 2002 йилда ҳам Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан судланган. Навоий вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органи ходимлари у Туркиядан Ўзбекистонга қайтиб келиб, Самарқанд вилояти Нарпай туманида яшовчи танишиникида яшириниб юрганини аниқлаган ва уни қўлга олган.

Тугаётган ҳафтада Туркиядан жасади келтирилган фақат Ҳалимахон Аҳмадова эмас. Мамлакатнинг Чанкири вилоятида ҳам 40 яшар ўзбекистонлик аёл ўзини осиб ўлдирди. 

Қайд этилишича, аёл Туркияда кекса чол-кампирни парвариш қилган. 30 сентябрь куни у боғда ўз жонига қасд қилган. 

Истанбулдаги Ўзбекистон Бош консулхонаси аёлнинг вафотини тасдиқлади ва унинг жасади Миграция агентлиги ва Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси кўмаги билан Жиззахга, қариндошларига юборилганини билдирди. 

Хорижда бўлиб турган ўзбекистонликларнинг қотиллик қурбони бўлиши ёки ўз жонига қасд қилиши билан боғлиқ ҳолатлар кўпроқ Туркияда учрамоқда. Деярли ҳар ойда Туркиядаги ўлдириб кетилаётган ёки ўзини ўлдираётган ўзбекистонликлар ҳақида хабарлар келиб тушади ва уларнинг аксарияти аёллар. Ҳукумат, Ташқи миграция агентлиги бу борада дўппини бир четга қўйиб ўйлаб кўриши вақти келиб, ўтиб ҳам бўляпти.

Ўзбекистонликларнинг нафақат ишга жойлашиш масаласи, балки уларнинг психологик ҳолати, ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши, улар билан боғлиқ жиноятларнинг тўғри тафтиш қилиниши кечиктириб бўлмас муҳим масалалигича қолмоқда. 

Албатта, жиноят учун гумонланиб ёки айбдор сифатида қамоққа олинаётганлар қилмишига жавоб бераётгани ҳам аниқ. Бу борада ўзбекистонликларни ҳам оппоқ, қанотсиз фаришта, борган жойини гул қилади, деб бўлмайди. Масалан шу ҳафта Истанбулда 6 нафар ўзбекистонлик гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятни содир этишда гумонланиб қўлга олинган. Улар “Молтепа” ёпиқ турдаги жазони ижро этиш муассасасига жойлаштирилган.

Тинтув тадбирлари давомида олинган ашёвий далиллар экспертизага юборилган. Ҳозирда тергов жараёни давом этмоқда. Бу ҳақда расмий ахборот тақдим этган Истанбул бош консуллиги туларнинг тақдири қандай кечишига аниқлик киритмаган. 

Ўзбекистонда халқаро уюшган наркогуруҳ аъзолари қўлга олинди

Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона хизмати ва Ички ишлар ходимларидан иборат гуруҳ Ўзбекистонга кириб келаётган 111 кг гиёҳванд моддани қўлга олди. Қайд этилишича, сентябрь ойида ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши халқаро тезкор-қидирув тадбири ўтказилган. 

Халқаро уюшган наркогуруҳнинг 6 нафар аъзоси Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятида қўлга олинган. Жумладан, жорий йилнинг 13 сентябрь куни Фарғона вилоятида яшовчи шахс гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олаётган вақтида ушланган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, уюшган жиноий гуруҳнинг Андижон вилоятида яшовчи 2 нафар аъзоси 10 кг “гашиш” гиёҳвандлик воситасини кўмиб қўйилган жойдан олаётган вақтида ушланган.

Жиноий гуруҳнинг Андижон вилоятида яшовчи 2 нафар аъзоси туманда жойлашган ошхонада 6 минг доллар эвазига 1 кг “опий” гиёҳвандлик воситасини сотиб олган вақтида қўлга олинган.

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида давом эттирилган тезкор тадбирда эса муқаддам 3 маротаба судланган шахс 5 кг “опий” гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган вақтида ушланган. Наркогуруҳ бир неча йилдан бери фаолият юритиб, республиканинг Андижон, Фарғона, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш билан шуғулланиб келган.

Мазкур ҳолат ортидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва гуруҳнинг қолган аъзоларини қўлга олиш мақсадида тезкор тадбир давом эттирилмоқда. Расмий хабарларда ушбу гиёҳвандлик моддалари қайси мамлакатдан қандай йўллар билан кириб келганига аниқлик киритилмаган. 

Айтиш ўринлики, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар содир этганликда гумонланиб, 4195 киши ушланган. Ушбу даврда 1 тонна 882 килограмм гиёҳванд воситалари ҳамда 894 225 дона кучли таъсир этувчи дори воситалари муомаладан олиб қўйилган. 

Аммо Ўзбекистонда гиёҳванд моддалар аллақачон давлат идораларигача кириб борган. Одамлар шу йилнинг апрель ойида Андижон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи ўринбосари хизмат хонасида наша чекиб ўтирганини унутгани йўқ. Ушбу воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, бўлим бошлиғи ва унинг ўринбосари ишдан олинди, бироқ гиёҳванд моддалар давлат идорасигача қандай кириб боргани, наша чекаётганлар уни кимдан олганига аниқлик киритилмади. 

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 72 млрд доллардан ошди

Ўзбекистонликларнинг жон бошига қарзи 1900 доллардан ошди ва эҳтимол йил якунигача 2000 минг доллардан ўтиши мумкин. Гап шундаки, Марказий банк 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 72,2 млрд долларга етганини эълон қилди. 

Айтилган миқдордан 36,8 миллиард доллари давлат ташқи қарзи, 35,4 миллиард доллари эса корпоратив ташқи қарз. 2022 йилда қабул қилинган “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун бўйича давлат қарзининг энг юқори миқдори ЯИМга нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги зарур. Ҳозирда Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи миқдори ЯИМга нисбатан 62 фоизни, давлат қарзи эса ЯИМга нисбатан 38 фоизни ташкил этмоқда. Қайд этиш жоиз, 2024 йилнинг мос даврида мамлакат жами ташқи қарзи 56,6 млрд доллар бўлган. Шундан 31 млрд доллари давлат ташқи қарзи, 25,6 млрд доллари корпоратив ташқи қарз эди. 

Қайд этилишича, экспорт ҳажмининг импортга нисбатан юқорироқ суръатларда ўсиши натижасида савдо балансининг манфий сальдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизга қисқариб, 6,4 млрд долларни ташкил қилган. Хусусан, жами экспорт ҳажми 29 фоизга ошиб, 16,6 млрд долларни ташкил қилган бўлса, жами импорт ҳажми 10 фоизлик ўсиш билан қарийб 23 млрд долларга етган. 

2025 йилнинг I ярми давомида мамлакатга тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг соф киритилиши 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 42 фоизга ўсиб, 1,6 млрд долларга тенг бўлган. Портфель инвестицияларнинг соф жалб қилиниши асосан халқаро облигациялар билан боғлиқ операциялар ҳисобига 3,1 млрд долларни ташкил қилган. Юқоридаги таркибий омиллар ҳисобига ҳисобот даври якуни бўйича молиявий ҳисоб манфий сальдоси 895,9 млн долларни ташкил этган.

“Охирги 3 ойда ташқи қарзимиз 3,8 миллиард долларга, охирги 1 йилда эса 15,6 миллард долларга кўпайган. Охирги 3 ойда давлат ташқи қарзи 1 миллиард долларга, охирги 1 йилда 5,8 миллиард долларга ошган. Корпоратив дейиладиган, асосан, самарасиз ва зараркунанда давлат банки ва компанияларининг қарзи охирги 3 ойда 2,8 миллард долларга, охирги 1 йилда 9,8 миллард долларга кўпайган. Жон бошига ташқи қарз 2025 йил 1 июль ҳолатига 1 907 долларга етган (ўтган йилнинг шу даврида 1 524 доллар эди). Юқори эҳтимол билан жон бошига ташқи қарз йил якуни билан ёки ундан эртароқ 2 000 долларлик чегарадан ўтиши мумкин”, дейди иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров. 

Жамоатчилик ташқи қарзнинг кун сайин ортиб боришига эътироз билдириб келишига қарамай, Ҳукумат аҳолини қарз олишнинг фойдалари ва бундан қўрқмасликка ишонтириб келади. 

2024 йил якунига кўра, Ўзбекистон Республикасининг ташқи қарзи 33,7 миллиард доллар, ички қарз эса 6,5 млрд долларни, жами қарздорлик ЯИМга нисбатан 35 фоизни ташкил этганди. 2025 йил тугашига эса сал кам уч ой вақт қолди. Сизнингча, бу йилни қанча қарз билан ёпамиз? 

Исмоил Жўрабеков 94 ёшида вафот этди

Президент Каримовга маслаҳатчилик қилган, Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимларида фаолият юритган, кулранг кардинал номини олган Исмоил Жўрабеков 94 ёшида 29 сентябрь куни вафот этди. 

Исмоил Жўрабеков 1931 йил 12 сентябрда Самарқанд вилоятида туғилган. У қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари соҳасида узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаб, мамлакат тараққиётига катта ҳисса қўшган.

Жўрабековнинг номи Ўзбекистон сиёсий доираларида алоҳида ҳурмат билган тилга олинади. 1990 йилларда давлат агросаноатини бошқарган, 1994-1998 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, 2000-2004 йилларда эса Ўзбекистон Президентининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси, Ҳукумат раиси ўринбосари лавозимларида фаолият юритган Жўрабеков мамлакатда энг оғир ўтиш даврларида турли топшириқларни бажаришда жонбозлик кўрсатган. Ҳатто, ҳаётини хавф остига қўйган. У Биринчи Президент Ислом Каримовнинг сўзини икки қилганлардан бири саналади.

Марҳум ўз хотираларида Ислом Каримов унга Ўзбекистон ва Афғонистонни боғлаб турувчи кўприкни портлатиб юборишни буюргани, бироқ у буни амалга оширмай, икки халқ ўртасидаги муносабатларни сақлаб қолганини айтган.

Жўрабеков 9–11 чақириқларда Ўзбекистон ССР Олий Совети депутати бўлган. У “Буюк хизматлари учун”, “Дўстлик” орденлари, шунингдек, Тожикистон ва собиқ иттифоқнинг бир қатор юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган.

Президенти Шавкат Мирзиёев Жўрабеков вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. 

“Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимизни амалга оширишда Исмоил Жўрабеков мўътабар ёшда бўлишига қарамасдан, сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси сифатида хизмат қилиб, ўзининг бой билим ва тажрибаси, қимматли маслаҳатлари билан соҳани ривожлантириш, ёш кадрларни тарбиялаш ишларида фаол иштирок этди.

Таниқли давлат ва жамоат арбоби, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон устози Исмоил Жўрабековнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади таъзияномада. 

Ўша куни Шавкат Мирзиёев қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқди. Унинг Исмоил Жўрабеков дафн маросимида иштирок этган-этмагани ҳақида маълумот йўқ. Президентнинг таътили қанча вақт давом этиши ва таътилни қаерда ўтказишига ҳам аниқлик киритилмаган. Келаси ҳафта, 6-7 октябрь кунлари эса Озарбайжоннинг Габала шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 12-саммити бўлиб ўтади ва унда Шавкат Мирзиёевнинг ҳам иштироки кутилмоқда. 

Тошкентда 50 ёшли эркак ўзини 10-қаватдан ташлади

Тошкентда 50 ёшли эркак Олмазор туманида жойлашган “Олмазор сити” тураржой мажмуасининг 10-қаватидан ташлаб, вафот этди. 

Ўзбекистон Бош прокуратураси Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, олиб борилган терговга қадар текширув давомида аниқланишича, эркак охирги вақтларда ичкиликка ружу қўйгани, бир кун олдин уйига маст ҳолатда келгани учун турмуш ўртоғи уйга киритмагани, эртаси куни уйига кириб, турмуш ўртоғи билан яна ўзаро жанжаллашгани сабабли ётоқхонасининг деразасидан, яъни 10-қаватдан ўзини ташлаб, ўз жонига қасд қилган.

Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, эркакнинг ўлими “Бош кўкрак қафаси қорин ва танасининг тўмтоқ жароҳати, калла гумбаз суяклари асосига ўтиб синиши, бош мия пардалари ва тўқималарига қон қуюлиши, тўш суяги ва икки томонлама қовурғалар синиши, чап ўпка йиртилиши” оқибатида содир бўлган.

Айни вақтда Олмазор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили 727 мингдан ортиқ одам ўз жонига қасд қилади. Ўз жонига қасд қилиш 15 ёшдан 29 ёшгача бўлган одамлар ўлимининг учинчи сабабидир. Дунё бўйлаб ўз жонига қасд қилишларнинг 73 фоизи паст ва ўрта даромадли мамлакатларда содир бўлади. 

Ўзбекистонда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари, асосан, аёллар ва ўсмирлар билан кўп учрамоқда. Бундан бир неча йил аввалги тадқиқотлар бўйича Ўзбекистон Марказий Осиёда ўз жонига қасд қилиш бўйича учинчи ўринни эгаллаган эди. 

Бошқа кўплаб мамлакат қаторида Ўзбекистонда ҳам ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ ҳолатлар ва умумий статистика қаттиқ қўриқланадиган ахборотлар сирасига киради. Оммавий ахборот воситалари эълон қилаётган хабарлар эса жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлгандан кейин кун юзини кўрган. Мамлакатда ўз жонига қасд қилганлар орасида руҳий касал, асабий характер, хулқ-атворида салбийлик аломатлари юқори бўлган кишилар энг кўп – 45 фоизни ташкил этади. Оилавий жанжаллар хусусан, эр-хотин, қайнона-қайноталар, эрнинг қавм-қариндошлари ёки ўзининг бошқа бировлар билан жанжаллашиб қолиши туфайли суицид содир этганлар миқдори 13,7 фоиз.

Шунингдек, моддий-маиший жиҳатдан кам таъминланганлик (2,3 фоиз), гиёҳвандликка ружу қўйиш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўя олмаслик (1,7 %), рашк туфайли (0,7 фоиз) ишхонадаги келишмовчиликлар, бошқа бировнинг шахсга тегадиган даражада ҳақорат қилиши (0,3 фоиз) ва бошқалар (севгани билан жанжаллашиб қолиши, ўқишга кира олмаслиги, фарзанд касаллиги ёки йўқлиги, пулини йўқотиш, бошқалар билан зиддият) – 17,6 фоизга етган.  

Ҳозирда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш, васвасага тушиб қолганларни аниқлаш ва улар билан ишлаш тартиби мужмал. Масалалар асосан оила ва маҳалла ичида қолиб кетади. Муаммолар эса суицид амалга оширилгач ёки унга уриниш содир этилгач, ўртага ташланади. Суицид билан одатда диний қоралов орқали курашилади, тиббий ва психологик ёрдам иккинчи даражага қўйилади. Хўш, сизнинг бу ҳақдаги фикрингиз қандай? Изоҳларда албатта ёзиб қолдиринг. 

Ток уриб вафот этган 11 ёшли қизчанинг онаси эрини пичоқлаб ўлдирди

Ёдингизда бўлса, шу йилнинг май ойида пойтахт Тошкентнинг Миробод тумани, Амир Темур кўчасидаги савдо дўконларидан бирининг том қисмига укасининг ўйинчоғини олиб тушиш учун нарвон ёрдамида чиққан 11 яшар қиз том қисмига яқин жойдан ўтувчи электр токини ушлаб олган ва ток уриши оқибатида воқеа жойида вафот этганди. 

Энди унинг онаси турмуш ўртоғини пичоқлаб, ўлдирди. Воқеа жорий йилнинг 27 сентябрь куни содир бўлган. Гап шундаки, 39 яшар аёл ўзаро жанжал сабаб ошхона пичоғи билан 35 яшар турмуш ўртоғининг кўкрак қафасига тан жароҳати етказган. Оқибатда эркак воқеа жойида вафот этган. 

Мазкур ҳолат юзасидан аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, у Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда “антиквар” автомобиллар учун алоҳида рақам берилади

Данғиллама тўй, кўз-кўз қилинадиган Умра сафари ва қора Gentra орзусида яшайдиган ўзбекистонликлар учун чиройли авторақамларни аукционсиз тўғридан тўғри сотиб олиш имконияти бериляпти. Янги пуллик қулайликка кўра, аукционга чиқарилган ва сотилмаган 1- ва 3-тоифадаги давлат рақами белгилари ягона оширилган тўлов асосида сотувга қўйилади. 

Рақамларнинг тўлов миқдори жисмоний шахслар учун БҲМнинг 17 баравари (7 млн 4 минг сўм), юридик шахслар учун эса БҲМнинг 25 баравари (10 млн 300 минг сўм)ни ташкил этади.

Харидор ҳудуд, маъқул авторақам, рақам формати (горизонтол, квадрат), автомобилнинг двигатель турини танлайди. 

1 октябридан бошлаб Республика товар-хомашё биржасида давлат рақами белгиларининг савдоси бекор қилинди.

“Антиквар” автомобиллар учун эса алоҳида давлат рақами белгилари жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг “Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига йўл ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қарор лойиҳасида сўз борган.

Қарор лойиҳасига мувофиқ 2026 йил 1 январдан бошлаб:

  • очиқ конларда (карьерларда) ишловчи ўзи ағдарувчи юк автомобиллари давлат рўйхатидан ўтказилади;
  • умумий вазни (юки билан) 44 тоннадан ортиқ бўлган “N3” ва “O4” тоифадаги юк ташувчи ва махсус транспорт воситалари ҳамда очиқ конларда (карьер) ишловчи ўзи ағдарувчи юк автомобиллари, шунингдек, “антиквар” автомобиллар учун алоҳида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жорий этилади;
  • ишлаб чиқарилганлигига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш, уларни қайта рўйхатга олиш тақиқланади ҳамда улар давлат рўйхатидан чиқарилади (“антиквар” автомототранспорт воситалари бундан мустасно).

Ушбу қарор лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси жорий йилнинг 26 сентябрь куни бошланган ва 11 октябргача давом этади.

Шунингдек, 1 ноябрдан бошлаб автомобилга газ баллон ўрнатилганидан сўнг “техпаспорт” (автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома)ни алмаштириш талаб этилмайдиган бўляпти. Энди автомашина газ қуйиш шохобчасига кирганда унинг техник кўрикдан ўтганлиги автоматик тарзда текширилади. Агар техник кўрик муддати тугаган бўлса, тизим операторга хабар беради. Шунингдек, агар ёқилғи тури мос келмаса ёки баллон рўйхатдан ўтказилмаган бўлса, тизим бу ҳақда ҳам операторни шу жойнинг ўзида огоҳлантиради. 

Дастуримизни эшак қандай хўрлангани ва зўрланганини ҳикоя қилишдан бошлагандик. Бу Ўзбекистондаги биргина эшакнинг тақдири. Юзлаб, балки минглаб эшакларнинг дарди ичида, ингроқлари ортига яширинган. Чирчиқдаги қулоқлари кесиб олинган эшакни “Эколог” жамоат бирлашмаси валонтёри Алиса Тихомирова ўзининг “Дом добра” – “Эзгулик уйи” ҳайвонлар бошпанасига олиб борган. Бу ерда ҳозирда 200 га яқин ит ва бир неча қутқарилган эшаклар бор ва Тихомирова уларни ўз маблағлари ҳисобидан парваришлаб келмоқда. Бугунги одамлар меҳрга ҳеч муҳтож эмас, қанча берсангиз кам, одам зоти тўймайди ҳам, билмайди ҳам. Ҳайвонларга меҳр бераверинг. Қилса, вафони ит қилади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Самарқанд авторақам Исмоил Жўрабеков гашиш ташқи қарз опий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг