Бухорода тарқалган мишмиш – Амударё ҳақиқатан тошиши мумкинми?

Жамият

image
Ҳар куни ўлим билан курашгандик – Шавкат Мирзиёев Когондаги портлашларни ёдга олди north_east

Ҳар куни ўлим билан курашгандик – Шавкат Мирзиёев Когондаги портлашларни ёдга олди

Жорий йилнинг 27 апрель куни Туркманистондан кириб келган кучли шамол Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Самарқандда инфратузилма объектлари ва аҳоли хонадонларига зарар етказди. Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманлари табиий офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудудлар бўлди.

Табиий офатдан кейин қатор энергетика объектларининг ишдан чиқиши оқибатида Амударёдаги насослар ишламай қолгани учун кучли сув тошқини бўлиши ҳақида хабарлар тарқалди. Бунинг ортидан Қоракўл аҳолиси Замонбобо қирига чиқиб кетди. Аммо кейинроқ Бухоро вилояти ҳокимлиги у сув тошиқини ҳақидаги хабарларни рад қилди ва одамлар уйларига қайтди.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳозирги кунда Амударёда сув тошқини юз бериши эҳтимолига аниқлик киритди.

Унга кўра, Амударёнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келадиган нуқтасидаги Термиз сув ўлчаш постида ҳозирда ўртача 1300 м3/сек. сув оқиб ўтмоқда. Бу кўрсаткич ўртача кўп йиллик меъёрга нисбатан 3–4 бараварга камдир. Шунингдек, Амударёнинг Бухоро вилоятига сув олиш ҳудудида жойлашган Атамират сув ўлчаш постида ҳам бугунги кунда ўртача 805 м3/сек. сув оқиб ўтаётган бўлиб, кўп йиллик меъёрга нисбатан 4 бараварга камдир.

Амударёнинг асосий ирмоғи бўлган Вахш дарёсида жойлашган Тожикистоннинг Нурек сув омбори умумий ҳажми 10,5 млрд. м3 бўлиб, бугунги кунда мазкур сув омборида сув ҳажми бор-йўғи 6,2 млрд. м3 ни ташкил этади ёки сув омборда сув захираси деярли қолмаган (сув омборининг ўлик сув ҳажми 6,0 млрд. м3).

“Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев Амударёдаги сув ресурсларига боғлиқ вазиятни Тожикистон Республикаси Сув ва энергетика вазири Усмонали Усмонзода билан телефон орқали муҳокама қилган. Тожикистонлик вазир суҳбат давомида Амударёда ҳеч қандай тошқин бўлиши мумкин эсмаслиги ва бунга бирор-бир омил йўқлигини таъкидлаган.

Шундан кўриниб турибдики, Амударёда сув кўпайиши кузатилаётгани йўқ ва бунга ҳеч қандай сабаб ҳам мавжуд эмас”, дейилади вазирлик хабарида.

Бундан ташқари, Каспий денгизида сув тошқини бўлиб, Ўзбекистон ҳудудига, шу жумладан, Олот ва Қоракўл туманларигача етиб келиши борасида тарқалган мишмишлар мутлақо асоссиздир. Чунки халқаро сатҳлар шкаласига (Болтиқ тизимига) нисбатан Каспий денгизининг сув сатҳи 27 метр пастда, Олот ва Қоракўл туманларининг ер сатҳи эса ўртача 190 метр юқорида жойлашган. Бундан кўриниб турибдики, Каспий денгизининг сув сатҳи Олот ва Қоракўл туманлари ер сатҳидан ўртача 217 метр пастда ҳамда 950 км узоқликда жойлашган.

“Сув хўжалиги вазирлиги халқимизга шуни катта ишонч билан таъкидлайдики, Амударёда, қолаверса, Олот ва Қоракўл туманларида ҳеч қандай сув тошқини кузатилмаяпти ва ҳозирги шароитда бунинг асло эҳтимоли ҳам мавжуд эмас.

Шу сабабли ҳалқимизни турли мишмишларга ва асоссиз хабарларга ишонмасликларини сўраб қоламиз”, дея якунланган вазирлик ахбороти.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бухорода табиий офат оқибатлари билан танишиш учун шахсан вилоятга бориб, Олот ва Қоракўл туманларини вертолётда айланиб чиқди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бухоро табиий офат

Баҳолаганлар

286

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг