Амина Муҳаммад Мирзиёевга Гутерришнинг саломини етказди

Жамият 4411
image

Бугун, 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда ташриф билан бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад билан учрашув ўтказди. 

Жаҳоннинг бош ҳалқаро ташкилоти делегацияси таркибида учрашувда БМТ Европа иқтисодий комиссияси раҳбари Ольга Алгаерова ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Астхана ҳам иштирок этди.

Мамлакатда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш доирасида БМТнинг институт ва марказлари билан кўп қиррали ҳамда самарали ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Делегация раҳбари Ўзбекистон етакчисига ташкилот Бош котиби Антониу Гутерришнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. 

Таъкидланишича, БМТ давлат томонидан амалга оширилаётган очиқ ва прагматик сиёсатни, шунингдек, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ҳамда 2030 йилга қадар барқарор тараққиёт соҳасидаги глобал кун тартибининг асосий вазифаларига тўлиқ мос бўлган туб ислоҳотлар дастурини юксак баҳолайди.

Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистон БМТнинг барча тузилмалари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда – биргаликда турли йўналишларда 200 дан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мамлакат БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзосидир.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан ташкилот Бош Ассамблеясининг қатор муҳим махсус резолюциялари қабул қилинди. Бундан ташқари, экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилинган Оролбўйи минтақаси бўйича БМТ Траст фонди ташкил этилди.

БМТ Тараққиёт дастури, Европа иқтисодий комиссияси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, UNESCO, UNIDO, FAO, глобал ташкилотнинг бошқа тузилмалари билан самарали амалий ҳамкорлик кенгаймоқда.

Учрашувда фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш, Ўзбекистонда Барқарор ривожланишнинг, энг аввало, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва фаровонлигини юксалтиришга қаратилган асосий мақсадлари ижросини таъминлаш учун ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида кенг кўламли ислоҳотларни илгари суриш, гендер тенглик бўйича миллий стратегияни амалга ошириш, “яшил” энергетикани жадал ривожлантириш, инновациялар ва рақамли технологияларни жорий қилиш, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа  масалалар яна бир бор шерикликнинг устувор соҳалари сифатида қайд этилди.

Халқаро сиёсат масалалари ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад Марказий Осиё мамлакатлари минтақада дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда улкан муваффақиятларга эришганини катта мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистоннинг Афғонистонда бардавом тинчликни таъминлашга ҳамда ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига, шу жумладан йирик транспорт ва энергетика лойиҳаларини илгари суриш орқали кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институт ва тузилмалари билан кенг кўламли ҳамкорлигини қабул қилинган “йўл харита”лари асосида янада ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 33
Рейтинг: 3.1
t
×