Америкаликлар митти сунъий юрак ишлаб чиқди
Олам
−
01 Февраль
4622АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида жойлашган Cидарс-Синай тиббиёт маркази олимлари инсон юраги функцияларини бажара оладиган махсус чипни ясади. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Билдирилишича, ушбу нанотехнология турли касалликларни даволашда қўлланилиши мумкин. Хусусан, у саратон муолажасига доир тадқиқот ва синовларда асқотиши, бундан ташқари, митти қурилма юрак фаолиятини батафсил ўрганиш ҳамда унинг касаллик пайтидаги ҳолатини текшириш имконини беради.
Шунингдек, энди янги дорилар жониворларда эмас, шу "чип-юрак"да синовдан ўтказилиши мумкин.
Маълум қилинишича, мослама конструкцияси учун тикланувчи тўқималардан фойдаланилган. Уларнинг бир қисми мушак тўқималари, қолган қисми эса қон томирларини ҳосил қилади. Бунда мушак тўқималари худди инсон юраги сингари бир дақиқа ичида 60 марта уриш частотасида қисқаради ва ҳафталаб тўхтовсиз ишлай олади.
Мазкур чип ҳозирча ҳақиқий юрак ўрнини боса олмаса-да, тадқиқотчилар ундан тиббий амалиётда тажриба сифатида фойдаланмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ илк марта одам миясига гаджетлардан фикрлар ёрдамида фойдаланиш имконини берувчи Neuralink нейрочипи ўрнатилгани ҳақида хабар бергандик.