Америкалик бойлар бир кунда деярли 100 млрд долларга камбағаллашди

Олам 10416
image

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Америка Қўшма Штатларининг энг бадавлат миллиардерларининг бойлиги 93 миллиард долларга камайди. Бу кунлик йўқотишлар ичида энг ёмон тўққизинчи  натижа бўлди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.

Манбага кўра, бунчалик катта йўқотишга АҚШда кутилганидан ҳам ёмонроқ инфляция маълумотлари фонд бозорини қалқитгани сабаб бўлган.

Қайд этиш керакки, энг катта йўқотиш “Amazon” интернет дўкони асосчиси Жефф Безос ҳиссасига тўғри келди. Яъни, Жеффнинг бойлиги 9,8 миллиард долларга камайган. “Tesla” ва  “Sapce X” компаниялари раҳбари Илон Маск 8,4 миллиард долларга камбағаллашган. 

Марк Цукерберг (“Meta” асосчиси), Ларри Пейж, Сергей Брин (“Google” асосчилари) ва Стив Балмернинг (“Microsoft” бош директори) бойликлари эса 4 миллиард доллардан кўпроққа камайган. Уоррен Баффет (дунёдаги энг катта инвесторлардан бири) ва Билл Гейтс (“Microsoft” асосчиси) эса мос равишда 3,4 миллиард ва 2,8 миллиард доллар маблағидан айрилган.

S&P 500 (Standard & Poor's – молиявий таҳлил билан шуғулланувчи компания) индекси 4,4 фоизга тушиб кетди. Nasdaq 100 (100 та компаниянинг қимматли қоғозлари индекси) эса 5,5 фоизга қулади. Бу кўрсаткичлар 2020 йилнинг март ойидан бери кузатилган энг ёмон натижа ҳисобланади. Ўшанда 12 фоизлик қулаш қайд этилган.

Ўтган ой худди шу америкалик миллиардерлар гуруҳи Федерал Резерв тизими (АҚШ банк тизимини бошқарувчи агентлик) раиси Жером Пауэллнинг саккиз дақиқалик нутқидан сўнг бир кун ичида 78 миллиард доллар йўқотган эди.

Умуман олганда, дунёдаги энг бадавлат 500 кишининг бойлиги йил бошидан бери тахминан 1,2 триллион долларга камайди. “Meta Platforms Inc” бош ижрочи директори Марк Цукерберг 68,3 миллиард доллар йўқотди. Бу маблағ Маркнинг  54 фоиз бойлигига тенг эди. “Binance” раҳбари Чанпэн Чжао эса 61 миллиард долларга ёки тахминан 64 фоизга камбағаллашди.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 428
Рейтинг: 3
t
×