Амалдорларнинг қилмишлари билан боғлиқ судлар телевидениеда трансляция қилинади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, жамоатчилик назорати такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Фуқаролик процессуал ва Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисидаги, давлат харидлари тўғрисидаги, ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисидаги қонунларга тегишлича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик процессуал ва Жиноят-процессуал кодексларининг тегишли моддаларига тарафларнинг розилиги билан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жамоат тартибига тажовуз қилувчи, аҳоли соғлиғини сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги, шу жумладан давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар, шунингдек, айрим оилавий низоларга оид фуқаролик ишлари бўйича суд мажлисларининг оммавий ахборот воситаларида трансляция қилиниши мумкинлиги тўғрисидаги янги нормалар киритилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 8 июлда қабул қилинган “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунига ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида овчилик учун рухсат бериш хусусиятига эга айрим ҳужжатларнинг очиқ эълон қилиниши лозимлиги тўғрисидаги талабларнинг белгиланиши билан қонуннинг 36-моддасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисидаги қонунини 171-моддаси билан тўлдириш (Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишнинг очиқлиги),  Давлат харидлари тўғрисидаги қонуннинг 27-моддасини бешинчи қисм билан тўлдириш (Махсус ахборот порталида мавжуд амалга оширилган давлат харидлари тўғрисидаги, давлат харидларини амалга оширувчи комиссиянинг тасдиқланган аъзолари тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига жойлаштириб бориш) таклиф этилмоқда.

Мазкур Қонун лойиҳасини қабул қилиниши давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари мансабдор шахсларининг очиқлик борасида белгиланган мажбуриятларни бажаришдаги масъулиятини янада оширишга ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасидаги ўзаро номувофиқликларни бартараф этишга хизмат қилиши таъкидланмоқда.

Қонун лойиҳаси 2022 йил 7 январга қадар муҳокама қилинади.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров ва бошқаларга нисбатан очилган жиноят ишининг судда кўрилиши ҳам ОАВ учун очиқ бўлиши айтилганди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг апрелида Андижон вилоятига ташрифи вақтида ўтказилган йиғилиш вақтида собиқ бош прокурор Рашид Қодиров телевидение орқали гапиртирилиши ҳақида айтиб ўтганди.

Шунингдек, Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев Қодиров иши бўйича ҳеч нарса сир тутилмаслигини алоҳида таъкидлаганди.

“Ўзбекистон Республикасининг собиқ бош прокурори Рашид Қодировга нисбатан жиноят иши бўйича тергов жараёни якунланиш арафасида. Бу жиноят иши якунлари бўйича маълумотлар батафсил етказилади. Буни мамлакатимиз раҳбари ҳам бир неча бор такрорлаган.

Суд жараёни қачон бошланиши, қаерда бўлиб ўтиши ҳақида расмий маълумотлар берилади. Ҳеч нарса сир тутилмайди. Қонун олдида барча баробар. Катта мансабдор шахсми, кичикроқ мансабдорми, барча ўзининг хатти-ҳаракатлари учун тегишли жазосини олади”, деганди Эркин Йўлдошев.

Аммо якунда ундай бўлмади. Суд якунлангач, Рашид Қодиров телевидение орқали гапиртирилмади. Унга нисбатан очилган жиноят иши эса ёпиқ суд мажлисларида кўрилиб, жазо тайинланди.


Мақола муаллифи

Теглар

қонун

Баҳолаганлар

805

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг