Антикоррупция агентлиги QALAMPIR.UZ танқидларига жавоб берди

Жамият

image

Яқинда QALAMPIR.UZ сайти орқали “Амалдорларнинг бойликлари халқдан яшириляптими?” номли таҳлилий-танқидий видеоматериал эълон қилинган эди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги ПФ-6257-сонли Фармонида назарда тутилган “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйиш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан пайсалга солинаётгани танқид остига олинган эди.

Агентлик QALAMPIR.UZ’га давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий этиш юзасидан қўшимча маълумотларни очиқлади.

Унга кўра, 2021 йилнинг август-сентябрь ойларида қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Олий суд, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банки билан дастлабки ва идоравий келишувлардан ўтказилиб, уларнинг таклифлари асосида такомиллаштирилган.

Қонун лойиҳаси 2021 йил 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

“Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Лойиҳа белгиланган тартибда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали (ID-49841) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган.
Шундан сўнг қонун лойиҳаси 2021 йилнинг 1 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилган”, дейилади Агентликнинг QALAMPIR.UZ’га очиқлаган маълумотларида.

Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Қонун лойиҳаси 2021 йил 20 сентябрь куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали (ID-47909) Адлия вазирлигига киритилган.

“2021 йил 15 октябрь куни Адлия вазирлиги томонидан ушбу лойиҳани такомиллаштириш бўйича қўшимча таклифлар билан хулоса берилган. 2021 йил 4 ноябрь куни Адлия вазирлиги томонидан берилган таклифлар инобатга олиниб, лойиҳа Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали (ID-47909) қайта киритилган”, дейилган хатда.

2021 йил 10 ноябрь куни эса белгиланган тартибда Адлия вазирлиги томонидан қонун лойиҳаси қабул қилиниши мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ҳуқуқий экспертиза натижалари бўйича хулоса ҳам олинган.

“2021 йил ноябрь ва 2022 йил октябрь ойларида қонун лойиҳаси бўйича маълумотнома тайёрланиб, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизмати билан келишиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйишга рухсат олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилди”, дея қўшимча қилинади Антикоррупция агентлиги хатида.

Қолаверса, Агентлик келгусида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий этиш соҳасидаги масалалар, шунингдек, амалга оширилаётган ишлар ҳақида таҳририят билан ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

декларация Коррупцияга қарши курашиш агентлиги амалдор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг