Амалдорларнинг бойликлари халқдан яшириляптими?
Таҳлил
−
19 Январь 2023
16704Ўзбекистонда 2022 йилнинг 1 январидан амалдорларнинг мол-мулки декларация қилиниши айтилган эди. Бу талаб Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 6 июлда қабул қилган ва 7 июлдан бошлаб кучга кирган “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида назарда тутилган.
Президент Фармонида 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланганди.
Бироқ, мана 2023 йилнинг январи ҳам келди ҳамки, ҳали бу Фармоннинг ижросидан дарак йўқ! Бунинг сабаби эса мазкур Фармоннинг ижросини таъминлаш ҳақидаги “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилмаган.
“Агентлик Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда давлат хизматига оид қонунчилик ҳужжатлари пакети, шунингдек, декларациялаш тизимини жорий этиш механизмлари, декларация тақдим этиши лозим бўлган давлат хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари тоифасини назарда тутувчи “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин”, дейилган Президент Фармонида.
QALAMPIR.UZ билан суҳбатда бўлган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов мазкур қонуннинг кучга кириши мамлакатда коррупциянинг олдини батамом олмаслиги, лекин амалродларнинг жамоатчилик олдидаги жавобгарлигини оширишини айтмоқда.
“Жамоатчиликнинг танқиди ва ҳокимиятга бўлган муносабати битта қонун ҳужжати билан белгиланмайди. Бу умумий сиёсат билан боғлиқ. Агар декларация тўғрисидаги қонун кучга кирадиган бўлса, бу одамларнинг амалдорларни муҳокама қилиш имкониятларини янада оширади. Мамлакатда давлат ҳамда амалдорларга бўлган муносабат ва унинг матбуотда акс этиши, фақат қонун билан боғлиқ эмас. Бу албатта давлатнинг сиёсати билан боғлиқ. Лекин эски, бюрократ амалдорлар бундай танқидларга чидай олмайди. Ўзларини ақлли ҳисоблайди, бироқ жамоатчилик олдига чиқиб икки оғиз сўз айтиш бошқа нарса. Шу нуқтаи назардан Қозиғистон, Қирғизистондаги декларацялаш бўйича ҳолат Ўзбекистонга ҳам кўчади”, деди у.
Фармон билан Агентликка қонун лойиҳасини Президент Админстрациясига киритиш учун ҳам уч ой вақт берилганди.
“Агентлик Бош прокуратура, Олий суд, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Реестрни ва у билан боғлиқ чекловларни амалиётга жорий этишга қаратилган қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин”, дейилган Президент Фармонининг 3-бандида.
Лекин орадан икки ёки уч ой эмас, нақ бир ярим йил, 18 ой ўтди ҳамки Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамаси ёки Президент Админстрациясига киритмаган. Буни эса Агентлик раҳбари Акмал Бурхонов QALAMPIR.UZ’га ноябрь ойида берган интервьюсида қуйидагича изоҳлаганди:
“2022 йилдан бошлаб давлат хизматчиларининг мол-мулкини, даромадларини декларациялаш тизими жорий этилади, дейилган. Ҳозирги кунда қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Нафақат қонун лойиҳаси, балки шу тизимнинг ишлаши бўйича декларация ҳам ишлаб чиқилган. Агар қонун қабул қилинадиган бўлса, декларация тизими ҳам ишга туширилади. Ҳаммаси тайёр, қонун агар шу ой қабул қилинадиган бўлса, давлат хизматчиларининг мол-мулкини декларациялаш ҳам 2022 йилдан бошлаб ҳисоблана бошлайди. Бу қонунни қабул қилиш қонун ижодкорлиги жараёни ва хориж тажрибасини ўрганиш билан боғлиқ. Олдин ҳам буни таъкидлаганмиз, вазирлик ва идоралар билан келишувлар олиб борилиб, халқаро тажриба ўрганилган. Қонун лойиҳаси тайёр ва яқин кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади".
Бироқ, Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоеванинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, қонуннинг юридик томонларини кўриб бериш учун Агентлик Адлия вазирлигига ҳали мурожаат қилмаган. Вазирликнинг фақат Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганидан хабари бор, холос.
“Бу муддат жуда кўп! Журналистлар тўғри савол қўймоқда. Коррупцияга қарши курашиш вазирлиги бу қонунни кучга киритишга шошилиши керак. Аслида буни аллақачон амалга ошириши керак эди. Лекин шунга қарамай қонуннинг ташкилий-амалий тарафлари бор. Масалан, мана шу қонун ҳужжатига солиқ ва статистика қонунчилиги бўйича ҳужжатлар тўғри келиши керак. Давлат ҳокимияти органлари тўғрисидаги қонун бор. Бу бўйича ҳатто Парламент ҳам пишиқроқ бўлиши керак. Бугун Парламент ўзидан кар ва кўрни ясаб олган. Улар албатта, журнистлар бераётган саволни аллақачон кўтариши керак эди. “Ҳурматли, Акмал Эшондадаевич, нимага бу қонунни икки йилдан бери чўзиб юрибсиз? Қонунни мувофиқлаштириш, керак бўлса, мажлисларда кўриб тезроқ ҳал қилайлик”, дейиши керак”, деди Ташанов.
Шунингдек, у Агентлик ҳам бу борада ишларни амалга ошираётгани, хориж тажрибасини ўрганаётганини ҳам қўшимча қилди.
QALAMPIR.UZ жаноб Бурхоновга амалдорларнинг мол-мулк декларацияси қачон ишга тушади, деб бир неча бор юзланган. У эса доим яқинда ишга тушади дейишдан нарига ўтмаган.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 6 июлда қабул қилган ПФ-6257-сонли “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчиларининг мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланган эди. Агентлик томонидан бу йўналишда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда платформа ишлаб чиқилди. Платформанинг техник жиҳатларини АКТ вазирлиги, Киберхавфсизлик ва бошқалар билан бирга кўрилган. Энг Мухими қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Қонунчилик процессида озгина чўзилиш юзага келди, лекин 2022 йил 1 январдан барча мансабдорларнинг мол-мулклари ҳисоби бошланган. Қонун кучга кирганда жамоатчиликка қачон эълон қилиниши кўрсатиб ўтилади. Тўғрисини айтсам, биз 1 апрелдан дегандик, лекин улгурмаяпмиз. Июндан бўлар, июлдан бўлар, балки йилнинг охирида барча маълумотлар очиқланар”, деган эди 2022 йилнинг март ойида QALAMPIR.UZ саволига жавобан Бурҳонов.
Таққослаш учун, биз доимо ундан олдинда эканимиз билан фахрланиб келадиган Қирғизистонда амалдорларнинг мол-мулк декларацияси аллақачон ишга тушиб бўлган. Натижада давлат хизматчилари ўзининг мол-мулки, даромадлари, оиласи номидаги кўчмас мулклар, нечта машинаси, уйи борлиги ҳақидаги маълумотларни оммага эълон қилиб келмоқда.
Халқ эса маълумотларни таҳлил қилади, текширади ва амалдорларнинг ортиқча мулклари қаердан келаётгани, улар кийган кийимнинг нархигача жиддий саволларни ўртага ташлай олади.
Масалан, яқинда эълон қилинган 2021 йилги Декларацияга кўра, Қирғизистоннинг энг бой одамларидан бири, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг собиқ вазири Алимкадир Беишеналиевнинг 2021 йилдаги даромадлари 405 минг 860 сомни, ёки 4736,93 АҚШ долларини ташкил этганини таъкидлади. Бу унинг ойлик даромади 33,78 минг сомни, 394,26 долларни ташкил етишини билдиради. Шунингдек, у ўз номидаги кўчмас мулкни кўрсатди: ҳар бири 35, 87,5 ва 81 квадрат метр майдонга эга учта квартира, шунингдек, умумий майдони 4 минг 175 гектар бўлган иккита қишлоқ хўжалиги бўлмаган ер участкалари. Кўчар мулкдан эса мансабдор шахс Toyota Land Cruiser’ни нархини кўрсатмаган ҳолда келтирган.
Қирғиз нашрлари эса собиқ соғлиқни сақлаш вазирининг яқин қариндошларнинг даромади ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини танқид остига олиб, буни “шубҳали”, дея атаган.
Шунингдек, Қирғизистон солиқ хизмати Хавфсизлик кенгаши котибининг, депутатларнинг, партия раҳбари ва яна кўплаб амалдорларнинг мол-мулклари рўйхатини эълон қилган.
Қозоғистонда ҳам бу жараён 2021 йилда ишга туширилган. Россияда бу бўйича ҳаракатлар 2008 йилдаёқ бошланган. Хитой, Бразилия, Дания, АҚШда ҳам узод йиллар давомида давлат хизматчиларига даромад декларацияси қўлланилади.
Буюк Британияда парламент аъзолари ва Лордлар палатаси аъзолари ҳам ўз даромадларини эълон қилишлари шарт.
Швеция, Норвегия ва Канадада даромадлар тўғрисидаги декларацияни топшириш мажбурияти барча фуқароларга, шу жумладан давлат хизматчиларига, ҳеч қандай хусусиятларга эга бўлмаган шахсларга ҳам мажбурий.
Финляндия ва Сингапурда давлат хизматчилари ҳар йили ўз харажатлари тўғрисида ҳисобот беришади.
Ушбу мамлакатларнинг барчасида ноқонуний бойиш жиноят ҳисобланади ва бу коррупцияга қарши курашишнинг самарали усулидир.
Декларация тизими БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясида, Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ва бошқа халқаро институтларнинг бир қатор ҳужжатларида мустаҳкамланган. Ўзбекистон эса буни пайсалга солгани-солган.
Нега? Ёки Агентлик амалдорларнинг мол-мулкини бурчак-бурчакларга яшириб олишини, ўз номидаги кўчмас мулкларни сотвориши, кимнингдир номига ўтказворишини кутяптими? Уларга қўшимча вақт беряптими?
“Декларация масаласида хориж тажрибасини ўрганганимизда, энг тўғри йўл, биринчи навбатда мансабдорнинг яқин қариндошлари, турмуш ўртоғини мол-мулкини ҳам декларациядан ўтказиш эканини кўриш мумкин. Кўп давлатларда фарзандлар бу рўйхатга киритилмаган лекин Ўзбекистон ҳозирча 18 ёшгача бўлган фарзандларини номидаги мол-мулкини ҳам хатловдан ўтказиш масаласини ҳам киритган. Мол-мулклар декларация қилиниш жараёнида кўрамиз, агар ҳамма ўзига тегишли бойликларни ёппасига қариндош уруғининг номига ўтказадиган бўлса, албатта, бу жараён яна қайта кўриб чиқилади. Бу ерда инсон ҳуқуқлари масаласи ҳам бор. Албатта, бу Халқаро ташкилотлар тавсияси”, деган эди Акмал Бурҳонов.
Хўш, ўзи мансабдорларимиз ўз мол-мулкини халққа эълон қилишга қанчалик тайёр? QALAMPIR.UZ ўтган 2022 йил давомида кўплаб амалдорлар ўртасида бу тизимга, мол-мулкнинг декларация қилинишига тайёр йоки йўқлиги ҳақида сўровнома ўтказиб келди.
Сўровномада иштирок этган кўплаб кўплаб давлат хизматчилари бунга тайёр эканини айтган.
Лекин камера қаршисида тайёрман дейиш осон. Уларнинг декларацияга қанчалик тайёр эканини эса тизим ишга тушганидан сўнггина биламиз. Агар ишга тушса, ишга тушгунича мансабдорларимиз ҳам бойликларини яширишнинг минг бир усулини ўйлаб топмаса... кўрамиз!
LiveБарчаси