Алмазбек Атамбоев қамоқхонада китоб ёзди
Олам
−
15 Январь 2021
8467Қирғизистон Республикасининг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев китоб ёзди. Китоб “Болаликнинг сеҳрли боғлари” деб номланган ва чоп этилган. Бу ҳақда собиқ Президентнинг тарафдорлари ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида хабар қолдирмоқда.
Темирлан Султонбековнинг ёзишича, Атамбоев биринчи ҳикоясини қамоқхонада ёзган. Яқинда китоб сотувга чиқарилади.
“Болалик – бу инсоннинг қалби атрофдаги ҳамма нарсага очиқ бўлган сеҳрли давр. Бизнинг хотираларимиз қандай бўлишидан қатъи назар, баъзан ортга боқиб, уларга онгли қараш муҳим аҳамиятга эга. “Болаликнинг сеҳрли боғлари” – бу Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевнинг биринчи ҳикоясидир. Носталжи ва лирик, латифаларга тўла ва айни пайтда жиддий бўлган китоб ўқувчини хотираларнинг илиқ қирғоғига олиб боради ва шовқин-суронда ҳаёт лаҳзаларини йўқотмаслик, ҳар бир дақиқани қадрлаш ва мўъжизага ишониш тўғрисида кўрсатма беради”, деб ёзган Султонбеков.
Алмазбек Атамбоев бунгача шеърлар ёзган, қўшиқлар куйлаган. У Президентлик даврида бир неча қўшиқларини жамлаб, аудиоальбомини ҳам чиқарган эди.
Маълумот ўрнида, 2020 йилнинг 31 декабрь куни Қирғизистон Республикаси собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов ҳибсхонасидан Бишкекдаги 47-сонли ахлоқ тузатиш колониясига ўтказилди.
Атамбоев нимада айбланганди?
2006 йилда “қонундаги ўғри” Азиз Батукаев Бишкек атрофидаги колониялардан бирида тартибсизликлар келтириб чиқаргани учун 16 йил 8 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Тўполон пайтида депутат Тинишбек Акматбаев, жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Икматулла Полотов ва парламентнинг икки аъзоси ўлдирилганди.
2013 йилда Батукаев қамоқдан тиббий комиссия хулосасига кўра озод қилинган. Хулосага кўра, Батукаевга қон саратонининг сўнгги босқичи ташхиси қўйилган. У қамоқдан чиқиш билан дарҳол тарихий Ватани Чеченистонга учиб кетган. Тез орада тиббий ҳужжатлар сохта эканлиги аниқ бўлган, аммо Қирғизистон ҳукумати Батукаевни ортга қайтара олмаган.
Батукаевнинг озод қилиниши бўйича очилган жиноят иши якунида Атамбоев 11 йиллик қамоқ жазосини олганди. Август ойида Бишкек шаҳар судининг ҳайъати ушбу ҳукмни тасдиқлади.
Қайд этилишича, бу ишда собиқ Президентдан ташқари яна уч киши – шифокор Абдуҳалим Раимжонов, собиқ бош прокурор Индира Жолдубаева ва Жазони ижро этиш давлат хизмати бошлиғининг собиқ маслаҳатчиси Калибек Качкиналиев иштирок этган.
Собиқ маслаҳатчи ҳибсда сақлангани учун икки йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган. Жолдубаева 5 миллион сом (66,7 минг доллар) жаримага тортилган. Шифокор эса жиноятнинг муддати ўтганлиги туфайли жазодан қутулиб қолган.
Қирғизистонда жорий йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловидан кейин бошланган норозилик намойишлари вақтида одамлар Атамбоевни қамоқдан озод қилди. Аммо у кейинроқ Бишкекда намойиш уюштиришда айланиб, яна ҳибсга олинди.
LiveБарчаси