Алламжонов ёлғиз эмас. Яна бир ўзбекистонлик мансабдорга суиқасд уюштирмоқчи бўлишган

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон томонидан икки нафар Россия фуқароси Бислан Расаев ва Шамил Темирхонов Интерпол қидирувига берилгани хабар қилинганди. Уларнинг қидирувга берилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжонов ва Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Дмитрий Лини ўлдиришга қилинган суиқасд билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Lenta.ru” хабар берди.

Қайд этилишича, Расаев ва Темирхонов Ўзбекистонга турли йўналишларда келган: бири ўзбек-қирғиз чегарасини ноқонуний кесиб ўтган, иккинчиси “Дўстлик” назорат-ўтказиш пункти орқали кириб келган. Улар Комил Алламжонов ва Дмитрий Лининг ўлдирилиши учун 1,5 миллион доллар таклиф қилган мижозларнинг кўрсатмаларига кўра ҳаракат қилган.

Маълумки, Расаев ва Темирхоновга қўйилган айбловлар қаторига қуйидагилар киради: 

  • чегарани ноқонуний кесиб ўтиш - бу айб Расаевнинг ҳаракатларига тегишли бўлиб, у маҳаллий шериклар ёрдамида Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган;
  • контрабанда – Расаев жиноятга тайёргарлик кўриш учун ишлатилиши мумкин бўлган товарлар ёки нарсаларни ноқонуний олиб ўтишда иштирок этганлиги тахмин қилинмоқда;
  • қуролларни ноқонуний сақлаш ва савдоси – гумонланувчиларда суиқасд учун фойдаланишни режалаштирган қуролларга эга бўлгани даъво қилинмоқда;
  • жиноят ҳақида хабар бермаслик ва уни яшириш – гумонланувчиларнинг иккаласи ҳам яқинлашиб келаётган жиноят ҳақида хабар бермаганликда, балки уни ташкил этишда иштирок этганликда ҳам айбланади.

Манбага кўра, Дмитрий Лига уюштирилиши режалаштирилган суиқасд амалга ошмай қолган. 

Маълумот учун, Дмитрий Романович Ли 2022 йилдан бери Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар агентлиги  директори лавозимида ишлаб келмоқда. Тайинловга қадар у Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори лавозимида фаолият юритган.

Дмитрий Ли меҳнат фаолиятини халқ таълими тизими таъминоти соҳасида бошлаган, сўнгра машинасозлик ва металлургия соҳасида ишлаб, турли раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатган. 2017 йил августдан ЛБМА директори ўринбосари, 2018 йил июнда Дмитрий Ли Ўзбекистон Шахмат федерациясига раҳбар бўлган.

Алламжоновга суиқасд 

26 октябрь куни соат 01:40 ларда фуқаро С.С.нинг бошқарувидаги Range Rover русумли автомашина Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланган вақтида 2 нафар номаълум шахслар мазкур автомашинага ўқотар қуролдан бир неча маротаба ўқ узиб, номаълум томонга яширинган. Ушбу ҳолатда бирор-бир шахс тан жароҳати олмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248 (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Бош прокуратура, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳар, Ҳарбий, Транспорт прокуратуралари ҳамда ИИВ, вилоят, Тошкент шаҳар ИИББ, Божхона қўмитаси ходимларидан иборат таркибда тергов-тезкор гуруҳи тузилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Комил Алламжонов Шамил Темирхонов Дмитрий Ли Бислан Расаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг