Алиев ва Пашинян энди Путин воситачилигида Москвада учрашади

Олам

image

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия етакчиси Владимир Путин воситачилигида 25 май куни Москвада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан музокаралар ўтказишини айтди.

“Биз Россия томонидан мамлакат Президенти воситачилигида 25 май куни Москвада уч томонлама саммит ўтказиш таклифини олдик, бу таклифни қабул қилдик”, деган Арманистон ҳукумати раҳбари.

Шунингдек, у Москвадан ташқари 1 июнь куни Кишинёв (Молдова)да Алиев билан учрашмоқчи эканини қўшимча қилган. Бу музокаралар Европа кенгаши раиси Шарль Мишель, Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Германия канцлери Олаф Шольц иштирокида ўтказилади. 

“Октябрь ойида яна ушбу форматдаги учрашув Гранада (Испания)да ўтказилиши режалаштирилган. Брюсселдаги навбатдаги уч томонлама учрашув эса июль ойида бўлиб ўтиши кутилмоқда”, дея қўшимча қилган Пашинян.

Бундан ташқари, Арманистон Бош вазири Озарбайжон Президенти билан 14 май куни Брюсселда ўтказилган учрашувни “ижобий қадам” деб атаган. Унинг сўзларига кўра, бу минтақада тинчлик ўрнатиш, тинчлик шартномасини келишиш ва чегараларни делимитация қилишда муҳим аҳамиятга эга.

“14 май куни биз яна бир қадам ташладик ва Озарбайжон Арманистоннинг ҳудудий яхлитлигини, Арманистон эса Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тан олишини қайд этдик. Шуни таъкидлашим керакки, мен буни минтақада тинчлик ўрнатиш, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик шартномаси матнини якунлаш ва чегараларни белгилаш йўлидаги муҳим қадам деб биламан”, деган Никол Пашинян.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 май куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Брюсселда Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель воситачилигида уч томонлама учрашув ўтказганди. Унда Баку ва Ереван ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш масалалари муҳокама қилинган. Шундан сўнг, Шарль Мишель Баку ва Ереван Озарбайжоннинг Нахчиван Мухтор Республикаси билан сегментда темир йўл алоқасини тиклаш масаласи бўйича келишувга яқин турганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Москва Озарбайжон Путин Арманистон Пашинян Алиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг