Алиев ва Пашиняннинг Брюсселдаги музокараларидан яхши натижалар кутилмоқда
Олам
−
15 Май 2023
3183Баку ва Ереван Озарбайжоннинг Нахчиван Мухтор Республикаси билан сегментда темир йўл алоқасини тиклаш масаласи бўйича келишувга яқин турибди. Бу ҳақда Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, томонлар Жанубий Кавказда транспорт ва иқтисодий алоқаларни қайта тиклаш бўйича мулоқотда сезиларли ютуқларга эришган.
“Жамоаларга темир йўл алоқасини очиш шартлари бўйича келишувни якунлаш топширилди”, дея тушунтирган Европа Кенгаши раҳбари.
Шарль Мишелнинг айтишича, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Брюсселда бешинчи учрашувини ўтказган. Мишель икки давлат раҳбарларининг Жанубий Кавказда тинчлик ўрнатиш учун умумий иродаси муштарак эканини таъкидлаган.
Шунингдек, у “Вашингтон музокаралари доирасидаги жадалликни сақлаб қолиш”нинг муҳимлигига ишора қилиб, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг давлат чегарасидаги музокараларни давом эттириш масаласида бир хил позицияда эканини билдирган. Бундан ташқари, у яқин ҳафталарда маҳбусларни қўшма асосда озод қилиш зарурлиги тўғрисида фикр борлигини маълум қилган.
“Европа Иттифоқининг яширин кун тартиби йўқ. Бизнинг ягона мақсадимиз кенг ва адолатли тинчликка эришишга ёрдам беришдир”, деди у.
Мишелнинг қўшимча қилишича, июль ойида Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг навбатдаги учрашуви режалаштирилган.
Бироқ етакчилари Брюсселда музокаралар билан банд бўлган икки давлат чегарасида яна тўқнашув юз берган. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, кеча, 14 май куни Арманистон қуролли кучлари чегарадош Калбажар вилояти йўналишида Озарбайжон армиясининг позицияларини ўққа тутган.