Алиев Путинга қўнғироқ қилди

Олам

image

Бугун, 7 октябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга қўнғироқ қилди. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Илҳом Алиев суҳбат аввалида Путинни 68 ёшни қаршилагани билан табриклаган. Россиянинг ривожланиши ва равнақи йўлида янги муваффақиятлар, соғлик-саломатлик тилаган. 

Ўз навбатида Владимир Путин Озарбайжон Президентига кўрсатилган эътибор ва табрик учун миннатдорлик билдирган.

Телефон орқали суҳбат чоғида давлат раҳбарлари Озарбайжон-Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароси билан боғлиқ мавжуд вазиятни муҳокама қилганлар. 

Расмий Баку суҳбатнинг мазмуни ва Россиянинг Озарбайжон-Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароси хусусидаги муносабатини тўлиқ ёритмаган. 

Шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, Россия минтақадаги вазиятда муҳим ўрин тутади. Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тўқнашувларда Россия минтақадаги фаол давлат, қолаверса, Минск гуруҳининг ҳамраиси сифатида томонларни муросага чақириб келади. Бироқ, бу сафар Россиянинг урунишлари ҳам бесамар қолмоқда. Москва аввал бошданоқ ўт ўчишни тўхтатишни сўрамоқда. Озарбайжон эса энди кечлигини, ғишт қолипдан кўчганини айтмоқда. Куни кеча Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев турк телеканалларига берган интервьюсида Арманистон Озарбайжон ерларига ҳужум қилиб, қарши ҳужумни кутаётганини, шу орқали Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котибиятига мурожаат қилиб, икки мамлакат ўртасидаги можарони глобал урушга айлантиришни ва Россиядан ёрдам олишни истаётганини айтди. 

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Илҳом Алиев Қорабоғ тўқнашуви

Баҳолаганлар

213

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг