Алиев Арманистон билан тинчлик битими тузмоқчи. Иккинчи томон эса жим 

Олам

image
0:00
0:00
download

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Арманистон билан тинчлик битими тузиш имконияти тўғрисида гапирди.  

"Биз можаро саҳифаси ёпилган деб ҳисоблаймиз. Мен тинчлик битими тузиш имконияти тўғрисида бир неча бор гапирдим. Бу бизнинг режаларимиз, аммо Арманистон тарафидан бундай сигналлар йўқ", дея таъкидлаган Алиев Бакуда бўлиб ўтган конференцияда. 

Алиев Президент сифатида келажакка умид қилишини маълум қилган. 

"Агар Арманистон томонидан ижобий сигналлар бўлса,
биз муносабатларни нормаллаштириш учун ҳамма нарса қиламиз", деган Президент. 

Алиевнинг таъкидлашича, жанговар ҳаракатлар тугаганидан кейин Тоғли Қорабоғ атрофидаги можаро зонасидаги вазият мўрт бўлиб қолмоқда. 

"Урушдан кейинги вазият ҳали ҳам мўрт. Оташкесимга риоя қилинмоқда, аммо шунга қарамай, бизда урушдан кейинги ривожланиш билан боғлиқ кўплаб саволлар бор", деган у. 

Алиев, шунингдек, Арманистон фуқаролик жамиятини ҳамкорлик қилишга чақирган. 

"Биз келажакка қарашимиз керак. Арманистон фуқаролик жамиятидан янада кўпроқ ўзаро алоқаларни кутмоқдамиз. Уларнинг ҳеч бири Озарбайжон ҳақида нафақат яхши, балки  бетараф сўз ҳам айтмайди. Можаро ҳал қилинди ва биз келажакни кузатишимиз керак", деб таъкидлаган давлат раҳбари. 

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни бошлаганди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирини ташвиқотда айблаб, тўлиқ ёки қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди. 

Ўтган йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар. 

Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин бир қатор туманлар Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни бошлади. 

Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди. 

Кейинчалик, Россия ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда тинчликпарвар кучлар назоратидаги ҳудудларда миналардан тозалаш ишларини давом эттираётгани хабар қилинди.  

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия қўшинлари Қорабоғда беш йилдан кўпроқ қолишидан умидворлигини билдирди. Пашинян ТАСС нашрига берган интервьюсида ушбу беш йиллик давр нимага асосланиб белгилангани ва шу вақт ичида нималар қилиш кераклиги ҳақида гапирди.  

Пашинянга кўра, Россия тинчликпарвар кучлари минтақада хавфсизлик ва барқарорлик кафолатларини яратиши зарур. Унинг қўшимча қилишича, РТКнинг Тоғли Қорабоғда бўлиш муддати беш йил билан чекланиб қолмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Арманистон Қорабоғ Алиев

Баҳолаганлар

45

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг