Алишер Усмонов Путиннинг одамими?
Олам
−
21 Февраль 2023
19113Россиялик миллиардер Алишер Усмонов Путиннинг яқин одами эканини кескин рад этди. Бу ҳақда у Тошкентда Италиянинг “TGcom24” телеканали журналистига берган интервьюсида гапирган.
Усмонов телеканал журналистининг Украинада уруш бошланганидан кейин Путинга яқин олигарх сифатида Европа Иттифоқи санкцияларига дучор бўлгани ҳақидаги саволига қуйидагича жавоб қайтарган:
“Бу савол менинг нафақат олигарх, балки Путиннинг “севимли” олигархи эканим ҳақидаги айбловларнинг иккинчи қисмидир. Менда ҳеч қачон бундай алоқалар бўлмаган. Мен Россияда 35 йилдан ортиқ вақт давомида яшаб келдим. Шу вақт ичида мен ёш талабадан мамлакатдаги энг муҳим ва бадавлат ишбилармонлардан бири бўлишга қадар узоқ йўлни босиб ўтдим.”
Шунингдек, у Ўзбекистонни “ватаним”, деб атаб, унинг манфаатларини устун кўришини таъкидлаган.
“Ҳа, Россияда менинг активларим бор. Ҳа, мен буни тан оламан, ҳа, мен ҳам Россия фуқаросиман, лекин мен ўз Ватанимнинг манфаатларини кўзлаб яшайман. Мен нафақага чиқдим, хайрия қиламан, инвестицияларимдан дивидендлар оламан. Барча даромадларини охирги тийинигача эълон қилган одамнинг айби нима бўлиши мумкин?”
Шу тариқа россиялик миллиардер Италияни мақтаб, Европа Иттифоқини эса кескин танқид остига олган.
“Яхшиямки, Италияда ҳеч бўлмаганда адвокатларимиз томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўқишади. Баъзи Европа мамлакатларида ҳужжатларни ўқишни хоҳлашмайди, лекин сизни айбдор деб айтишади ва тамом. Қолаверса, менинг опа-сингилларимга қарши санкцияларга келсак, улар бутун умр Ўзбекистонда яшаган ва ҳатто Россия Федерацияси билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Худога шукур, Европа расмийлари аллақачон опа-сингилларимдан бирига нисбатан берилган санкцияларни бекор қилди. Аммо кураш ҳали тугамади. Умид қиламанки, ҳеч бўлмаганда судда адолат ҳукм суради, гарчи мен суд жараёнини хоҳламадим ва хоҳламасам ҳам керак”, деган Алишер Усмонов.
Маълумот учун, Алишер Усмонов “Металлоинвест”, “Удокан мис” ва “Мегафон”ни ўз ичига олган USM гуруҳининг асосчиси ва энг йирик акциядори ҳисобланади. Форбес маълумотларига кўра, у Россиянинг энг бой миллиардерлари рўйхатида еттинчи ўринни эгаллайди. Унинг бойлигини журнал 11,5 миллиард долларга баҳоламоқда.
Бироқ, ўтган 2022 йил Усмонов учун анча талофатли бўлди. Миллиардер 24 февралдан бери Украина, Америка Қўшма Штатлари ва Европа Иттифоқи Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг санкция рўйхатига киритилди.
Ноябрь ойида Германия ҳукумати уга тегишли деб ҳисобланган, қиймати беш миллион евро бўлган 30 та асл санъат асарлари жумладан рассом Марк Шагаллнинг асарини мусодара қилган эди.
Бундан ташқари, март ойида санкцияга учраган унинг 600 миллион долларлик “Дилбар” яхтаси ҳам Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли кейинроқ тортиб олинган.
Декабрь ойида эса Украинада россиялик олигарх Алишер Усмонов компаниясининг 160 минг тоннадан ортиқ қарийб 54 миллион долларлик Украина темир рудаси сақланаётган ер ости омборлари ҳибсга олингани ҳақида хабар берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Алишер Усмонов Ўзбекистонга ёрдам бериш, унга фойда келтириш учун бор имкониятларини ишга солишини, бу учун корпоратив активлар бошқарувидан кетгани ва ҳатто кўплаб лойиҳаларда акциядор сифатида иштирокини якунлаганини айтган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь