Алишер Усмонов Германия Федерал Конституциявий судига ариза киритди
Олам
−
13 Август 2023
9268Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Германия Федерал Конституциявий судига даъво аризаси билан мурожаат қилди. Миллиардер Бремен портидаги “Дилбар” яхтасида ўтказилган тинтувлар унинг мулк дахлсизлигига бўлган ҳуқуқининг бузилиши эканини даъво қилмоқда. Бу ҳақда “Welt am Sonntag” газетаси хабар берди.
Қайд этилишча, Федерал Конституциявий суд тадбиркорнинг даъвосини қабул қилганини ва ҳозирда уни кўриб чиқаётганини тасдиқлаган. Усмонов тинтувларни унинг инсоний қадр-қимматига тажовуз ва Германия Федератив Республикаси асосий қонуни билан кафолатланган уй-жой дахлсизлигини бузиш деб баҳолаган.
Бундан ташқари, даъвода нафақат Усмоновга нисбатан санкциялар қўллаш учун асослар йўқлиги, балки тадбиркор томонидан бузилгани айтилаётган “Ташқи савдо тўғрисида”ги қонуннинг конституцияга зидлиги ҳам назарда тутилган.
Қонунга кўра, санкцияга дучор бўлган шахслар ўз мол-мулки тўғрисида ҳокимиятга ҳисобот беришлари шарт. Бу эса ўзига қарши кўрсатма бермаслик тамойилига зиддир.
Манбага кўра, Усмоновнинг даъвоси бўйича тезкор қарор қабул қилиниши даргумон. Унинг имкониятлари жуда паст, чунки Федерал Конституциявий суд барча даъволарнинг 90 фоиздан кўпроғини қабул қилмайди.
Айтиш жоизки, олдинроқ Франкфурт-на-Майн округ суди Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтган йили “Усмонов иши” бўйича ўтказилган бир қатор тинтувларни ноқонуний деб топган. Суд Франкфурт прокуратураси тадбиркорни пул ювишда гумон қилиш учун етарли асослар келтирмаган, деб ҳисоблаган. Германия конституциявий ҳуқуқига ихтисослашган ва Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодаловчи Gauweiler & Sauter адвокатлик бюроси суд қарорини тасдиқлаган. Унинг баёнотида айтилишича, Франкфурт-на-Майн суди Ўзбекистон фуқароси Усмоновнинг “пул ювиш”да гумон қилинаётгани ҳақидаги иддаони асоссиз эканини ва Франкфурт-Майн прокуратурасининг ушбу иш бўйича барча тинтувлари ноқонуний эканлигини ҳақли равишда тан олган.
Федерал Жиноят бошқармаси ходимлари ва солиқ инспекторлари ўтган йилнинг сентябрь ойида Тегернзе кўли яқинида жойлашган бир нечта виллаларда, Франкфурт-на-Майндаги квартирада ва Бремен портидаги “Дилбар” яхтасида тинтув ўтказган. Ўшанда у ердаги ҳужжатлар ва санъат буюмлари мусодара қилинган.
Усмоновга қарши санкциялар
2022 йилнинг 28 февралида Европа Кенгаши Усмоновни Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузишга ҳисса қўшган шахслар “қора рўйхати”га киритган. Унинг Европа Иттифоқига кириш тақиқланган, ЕИдаги активлари эса музлатилган. Ўтган йилнинг 29 апрель куни Усмонов Евроиттифоқ санкциялар рўйхатига киритилганига норозилик билдириб, Европа судига даъво аризаси берган. Даъвогар ЕИ Кенгашининг унга нисбатан чеклов чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорини бекор қилишни ва суд қарори чиқарилгунга қадар тақиқловчи чораларни қўллашни тўхтатиб туришни сўраган. Бироқ, Европа суди Усмоновнинг даъвосини тез кўриб чиқиш ҳақидаги сўровни рад этган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Алишер Усмонов Италиянинг “Corriere Della Sera” нашрига берган интервьюсида Россияда тадбиркорлар ҳукуматнинг топшириқларини бажариши ҳақидаги гаплар ёлғон эканини, унинг ўзи ҳеч қачон давлатдан шубҳали ёрдамлар олмагани ҳамда доим шаффофликда ишлаганини айтганди.