Алишер Усмонов Путиннинг “ҳамтовоғи”ми? Миллиардер жавоб берди
Олам
−
07 Август 2023
16176Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Путин билан алоқалари ва Кремлнинг “махсус вазифалари”ни бажариши ҳақидаги саволга жавоб берди. Бу ҳақда у Италиянинг “Corriere Della Sera” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Қайд этилишича, журналист Алишер Усмоновга “Сиз Путиннинг дўстимисиз ёки йўқ? Кремль ишончли олигархларига ишониб топшираётган “махсус вазифалар” сизга ҳам бериладими?” қабилида савол берган. Миллиардер эса бунга жавобан Россияда тадбиркорлар ҳукуматнинг топшириқларини бажариши ҳақидаги гаплар ёлғон эканини айтган. Ўзи эса ҳеч қачон давлатдан шубҳали ёрдамлар олмагани ҳамда доим шаффофликда ишлаганини таъкидлаган.
“Ғарб журналистлари ва сиёсатчилари Россияни тадбиркорлар Кремль буйруғи билан юрадиган давлат, деб ҳисоблашни яхши кўрадилар. Лекин бу хато. Ҳақиқатан ҳам шундай деб ўйлаган киши Россия ҳақида ҳеч нарсани тушунмайди. Олигарх ёрлиғига келсак... Мен ҳеч қачон хусусийлаштиришда қатнашмаганман, давлатдан шубҳали ёрдам олмаганман, доим бозор баҳосида, шаффофликда ишлаганман. Путинга келсак, ҳа, у мени муваффақиятларим учун бир неча бор мукофотлаган, лекин у буни ҳатто чет элликлар ҳам худди шу мақомга эришишни орзу қилган йилларда амалга оширган. Нима? Тўсатдан муваффақиятга эришиш жиноятга айландими?”, дейди у.
Алишер Усмонов, шунингдек, Ғарб санкциялари унга қанчалик таъсир қилгани ҳақида ҳам гапирган. Унинг айтишича, иқтисодий чоралар нафақат унга, балки, у ҳиссадори бўлган компаниялар ва уларнинг ходимларига, унинг хайрия лойиҳаларидан ёрдам олган одамлар, жумладан, касаллар, муҳтожлар ва бошқаларга ҳам таъсир қилади.
Миллиардер “Украинани босиб олиш тўғрими?”, деган саволга эса қуйидагича жавоб берган:
“Мен сиёсатдан узоқман, одамларни бўлиш ўрнига уларни бирлаштира оладиган соҳаларни афзал кўраман: спорт, бизнес, хайрия. Мен Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар қурбонларининг барчасига яқинман. Умид қиламанки, бу фожиали можаро тез орада тугайди ва дипломатия ниҳоят ўз ролини ўйнайди. Биз тезда йўқолган ўзаро ишончни тиклашимиз керак. Ҳаммаси истисносиз: европаликлар ҳам шу жумладан”.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Алишер Усмонов ўзининг Путиннинг одами экани ҳақидаги даъволарни кескин рад этганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь