Алишер Саъдуллаев Истанбулга дафн этилган Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг қабрини зиёрат қилди
Жамият
−
06 Сентябрь 2022
24423Амалий ташриф билан Туркияда бўлиб турган Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев жадидчилик ҳаракатининг ёрқин намоёндаси Усмонхўжа Пўлатхўжаев қабрини зиёрат қилди. У бу ҳақда ўзининг Telegram-каналида хабар қолдирган.
“Бугун Истанбулда жадидчилик ҳаракатининг ёрқин намояндаси, Туркистон бўйлаб кенг тарқалган жадидчилик ҳаракатининг етакчиларидан бири Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг қабрини зиёрат қилдик.
Усмонхўжа Пўлатхўжаев дастлабки таҳсилни Бухородаги мадрасада олади ва илк жадид мактабларидан бирига асос солади. 1908 йил Истанбулда таҳсил олади. 1913 йил Усмонхўжа Бухорога қайтади ва яна жадид мактаби очади. Мустақил армия, мустақил Бухоро мақсади йўлида жуда кўп машаққатларини бошидан ўтказган. Шундай инсонлар мустақиллигимиз учун курашиб, уни кўрмай, ҳис қилмай бу дунёдан ўтиб кетишди. Яратган уларни ўз раҳматига олсин. Энди уларни эсламаслик, билмаслик ва ўқимаслик асло мумкин эмас”, деб ёзган Алишер Саъдуллаев.
Маълумот ўрнида, Усмонхўжа Пўлатхўжаев Бухородаги жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Бухоро Марказий Ижроия комитети (МИК) раиси (1921 йил сентябрь — 1922 йил август). Отаси Қори Пўлатхўжа бухоролик савдогар бўлган. У дастлабки таҳсилни Бухородаги мадрасада олади ва илк жадид мактабларидан бирига асос солади. 1908-йил дўсти Хамидхўжа Меҳрий билан Туркияда — Истанбулда таҳсил олади. 1913 йил Усмонхўжа Бухорога қайтади ва яна жадид мактаби очади.
Усмонхўжа Пўлатхўжаев, 1878 йил ҳозирги Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида дунёга келган. Отаси Пўлатхўжа,онасининг исми Фотма Ойим эди. Карамутуллоҳ хўжанинг авлодларидан бўлган Пўлатхўжа айни пайтда Файзулла Хўжаев (1896-1938)нинг отаси Убайдуллахўжанинг акаси ҳисобланади. Бухоро амирининг босимларидан қутилмоқчи бўлган бухоролик савдогарлар одатда бир неча йил Самарқанд ёки Фарғонага бориб, савдо соҳасидаги фаолиятларини у ерда давом эттиришарди. Пўлатхўжа эса Ўш шаҳрида савдо фаолиятини олиб боради. Бу даврда Фотма ойим билан турмуш қуради ва бу турмушларидан Усмонхўжа дунёга келганди. Усмонхўжа жуда ёшлигидаёқ отаси томонидан Бухорога олиб келинади ва бу ерда махсус тайинланган устозлар ёрдамида таълим олади. Пўлатхўжа Бухородаги таълимидан ташқари Истанбул, Баку, Боғчасарой, Қозон ва Тошкентда чиққан газета ва журналлар, айниқса, Исмоил Гаспирали томонидан чиқарилаётган “Таржимон” газетасини ўқиш орқали дунёқарашини юксалтиришга ҳаракат қилади. Бу йилларда Усмонхўжа бошқа жадид (янгиликчи) зиёлилар каби “Таржимон” газетасидаги жадидчилик қарашлари ва Усули-жадид мактаблари ҳақидаги хабарлардан қаттиқ илҳомланади.
Усмонхўжа ва Ҳамидхўжа 1913 йилнинг баҳор ойида Истанбулдан Бухорога қайтишади. Шундан сўнг Усмонхўжа Латифхўжа исмли кишининг уйида янги жадид мактабини очади. Айнийнинг берган маълумотларига кўра, Усмонхўжа бу ерда қариндошлариниг фарзандларига таълим беришни бошлаб юборади. Шу йилнинг ёз ойида Усмонхўжа Говгешан ҳовузининг ёнида бир бинони ижарага олиб, жадид мактабини у ерга кўчиради. Ҳамидхўжа ва бошқа жадидлар ҳам ўзига қарашли мактабларни кенгайтира бошлайди. 1914 йилга келиб, ўқувчи сони ортганлиги боис Усмонхўжа мактабни янада кенгроқ бинога кўчиришга мажбур бўлади. 1914 йилда Усмонхўжага қарашли жадид мактабида 200 киши, Мулла Вафода 80 киши, Маркишда 150 киши, Хиёбондаги мактабда эса 40-50 киши таълим олмоқда эди. Фақат, бу мактабларнинг фаолият олиб боришидан чор Россияси ва Бухоро ҳукуматининг вакиллари мамнун эмас эдилар. Рус ҳукуматининг Бухоро амирлигига қилган тазйиқидан сўнг Бухоро амирининг одамлари турли баҳоналар билан жадид мактабларининг фаолиятига тўсқинлик қила бошлайди. Ҳатто, жадид етакчиларининг бу ишдан воз кечишлари учун катта пул ҳам таклиф қилишади.
Биринчи жаҳон уруши (1914-1918) даврида Чор Россияси ҳукумати ўз мустамлакаларидан бири бўлган Туркистондан аҳолини ҳарбий хизмат учун эмас, балки фронт орти ишлари учун мардикорларни тўплаш бўйича қарор эълон қилади. 1916 йил газеталарда эълон қилинган бу янгилик Туркистон халқи томонидан совуқ қарши олинади. Жадидлардан Маҳмудхўжа Беҳбудий, Паҳлавон Ниёзий, Усмонхўжа, Қори Комил, Обиджон Маҳмуд кабилар йиғилиш ўтказиб, бу қарорга ўз норозиликларини баён қилишади. Дастлаб ўқиш ёзиш масаласини кўтариб чиққан жадидчилик ҳаракати кейинчалик сиёсий ҳаракатга айланади. Бунда 1916 йилги халқ қўзғолони ва 1917 йилнинг октябрь ўзгаришларининг таъсири катта бўлганди.
Усмонхўжа томонидан Душанбедаги рус гарнизонига қилинган ҳужум ва ундан кейин халққа озодлик учун қўзғолон кўтаришга қилган чақириғи вазиятни тубдан ўзгартириб юборади. Усмонхўжанинг Бухоро МИК раиси лавозимидаги ўрни 1922 йил 10 апрель куни унинг Афғонистонга ўтиб кетиши билан ниҳоясига етади. Усмонхўжа Бухоро миллий армияси учун қурол-яроғ сотиб олиш масаласида Кобулдаги инглиз вакили билан учрашади. Аммо инглизлар Бухоро вакилларига қурол сотиш масаласида ижобий жавоб беришмайди. Чунки инглизлар ва советларнинг бир-бирларига қарашли мустамлакаларга қуролли ёрдам кўрсатмаслик борасидаги махфий келишувлари бор эди. Келишувга кўра Руслар Афғонистон ва Ҳиндистонга, инглизлар эса Туркистон масалаларига аралашмаслиги керак эди. Усмонхўжа 1922 йил 29 апрель куни Афғонистон қироли Омонуллохон номига Туркистон масаласида бир меморандум юборади. Меморандумда Бухоронинг мустақил давлат эканлиги, советларнинг эса босқинчилигига урғу берилган эди. Усмонхўжа Кобулдалигида Анвар пошонинг 1922 йил 5 август куни Душанбе яқинидаги Балжувонда ўлдирилганлиги ҳақидаги хабарни эшитади. Усмонхўжа номига Файзулла Хожаев томонидан юборилган махфий хабарда унинг Бухорога қайтиши хавфли экани, агар қайтадиган бўлса, ўлимга ҳукм қилиниши ёзилган эди. Совет ҳукумати Афғонистонга Усмонхўжа масаласида доимий босим қилиб келади.
РСФСР яъни Совет Россиясининг Кобулдаги элчиси Фёдор Фёдорович Росколников турли жосусларни Усмонхўжанинг ортидан қўйиб, уни доимий кузатувга олдиради. Усмонхўжани доимий кузатиб юрган ва ҳар бир қадамидан рус элчилигини доимий хабардор қилиб турган шахс Абдураҳим Юсуфзаде эди. Москвада чиқадиган “Правда” газетасида Усмонхўжанинг Афғонистонда Советларга қарши доимий фаолият олиб бораётганидан шикоят қилиб келади. Москва Усмонхўжани Туркистондаги Босмачилар билан инглизлар орасидаги муносабатда воситачи бўлиб келаётганини таъкидлаб келади. Москванинг Афғонистонга қилган босими натижасида Усмонхўжа 1923 йилга келиб Истанбулга кетишга мажбур бўлади.
Усмонхўжанинг Туркияга келган дастлабки йиллардаги фаолиятига оид маълумотларни Ражаб Бойсун ва Заки Валидий Тўғоннинг асарларидан учратиш мумкин. Усмонхўжа Истанбулдаги Туркистонлик ёшларни тўплаб, “Туркистон ёшлар бирлиги” (1927) номи ташкилот тузиш билан бирга, Мустафо Чўқай, Заки Валиди Тўғон ва бошқа туркистонликлар билан бирга “Янги Туркистон” (1927-1934) номли журнал чиқаради. Усмонхўжа бу газеталарга ёзган мақолаларида ва Туркияда олиб борган кўплаб конференцияларида Советларнинг Туркистондаги фаолиятини қоралаб келади. Советларнинг Усмонхўжа борасидаги Туркияга қилган босимларига Мустафо Камол Отатурк эътибор бермай келади. Фақат Отатуркнинг хасталиги ва вафоти муносабати билан Усмонхўжа яна сургунда юришга мажбур бўлади. 1939 йилда аввал Польшага, кейинчалик эса Эронга боради. Фақат Иккинчи жаҳон уруши якунлангандан сўнггина Туркияга қайтишга муваффақ бўлади. 1951 ва 1957 йилларда Покистонда яшаган Усмонхўжа 1968 йилнинг 28 июли, яъни вафотига қадар Туркияда яшайди. Бу вақтда Истанбул ва Анқарада Туркистон ҳақида турли конференциялар берган Усмонхўжа сиёсий масалаларга бошқа аралашмайди. [Вафотидан сўнг Ускудардаги "Ўзбеклар таккаси"га дафн қилинади.
LiveБарчаси