Алишер Қодиров 25-30 йиллик машиналарни истеъмолдан чиқаришни таклиф қилди
Жамият
−
10 Июль 11933 2 дақиқа
Кеча, 9 июль куни ўтказилган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликни камайтириш бўйича видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан берилган таклифлар юзасидан “Миллий тикланиш” демократик партияси қонунларни ўзгартириш бўйича маслаҳатлашувларни бошлайди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, фракция раҳбари Алишер Қодиров маълум қилди.
Партия етакчиси 24 миллион қоидабузарликнинг 19 миллионтаси тезлик билан боғлиқлигини айтиб, бундай вазиятда нимадир нотўғри ишлаётганини билдирган.
“Тезлик учун чеклов жой, вақт ва заруратга қараб белгиланиши керак. Масалан, магистраль йўл, масофа узоқ, аҳоли яшаш пункти эмас, нега 130 юриш мумкинмас?
Қизилда ўтиш, чекланган жойда икки карра тез юриш, авария хавфи яратиб қасддан тартибсиз ҳаракат… марҳамат, аёвсиз жаримани босиш керак, лекин айрим жазолар бўйича ҳайдовчиларнинг ҳам фикри билан қизиқиш зарур”, дея ёзган у.
Унинг сўзларига кўра, давлатга қарашли хизмат машиналарига алоҳида эътиборни тақиқлаш – кечиккан қарор. Тартиб ҳаммага бир хил бўлиши керак.
40-50 йиллик автомашиналарни босқичма-босқич истеъмолдан чиқариш – жуда тўғри таклиф эканини айтган Қодиров, ҳатто бу чекловни 25-30 йилга тушириш ҳам нотўғри бўлмаслигини қўшимча қилган. Депутатнинг айтишича, фақат машинани алмаштириш учун қулай таклифлар бўлиши керак.
Шунингдек, у ички ишлар тизими ходимларини тайёрлаш бўйича ташаббусни ўринли ва оғриқли муаммо, дея баҳолади.
“Бу соҳада ишини яхши биладиган, ўқиган, ҳар томонлама жамиятга намуна бўладиган қоракўзлар ишлаши керак, вазирликдаги мансабдорнинг жиян ёки ҳамқишлоқлари эмас. Жамият формадаги ходимлар билан фахрланиши керак.
Тартиб ҳаётий зарурат, у ҳаммага керак. Лекин чекловлар ва жазоларсиз тартибни таъминлаш мумкин эмас”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев қаерда ҳоким ва ЙҲХХ биргаликда йўл инфратузилмаси билан жиддий шуғулланса, ўша ерда ўзгариш кузатилаётганини айтганди.
Live
Барчаси