Алданган африкалик аёллар Россияда жанговар дрон йиғмоқда – AP
Олам
−
10 Октябрь
15638Россия африкалик аёлларни Украина билан уруш учун дронлар йиғишга алдов йўли билан жалб қилган. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Нашр Татаристондаги “Алабуга” махсус иқтисодий зонасидаги заводда ишлаётган олти нафар аёл билан суҳбатлашган. Улар ижтимоий тармоқларда бепул самолёт чиптаси ва меҳмондўстлик эвазига умумий овқатланиш каби соҳаларда юқори маошли иш ваъда қилинган рекламаларга дуч келганини маълум қилган. Бунинг учун улар фақат компьютер ўйини ва 100 та русча сўздан иборат тестни топшириши зарур бўлган. Уларнинг ҳаммаси “Европадаги саргузашт” сифатида тақдим этилган. Бироқ аёллар Татаристонга келганида қурол заводида ишлашидан, хусусан, Эрон томонидан ишлаб чиқариладиган Shahed дронларини йиғиши кераклигидан хабар топган.
Нашр маълумотларига кўра, "Алабуга" заводи 18-22 ёшдаги Уганда, Руанда, Кения, Жанубий Судан, Сьерра-Леоне ва Нигерия каби мамлакатлардан африкалик аёлларни ишга жалб қилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида 182 нафар Шарқий ва Марказий Африка мамлакатлари фуқаролари ишга қабул қилинган. Ҳозирда таклиф Лотин Америкаси ва Осиё, масалан, Шри-Ланка каби давлатларга ҳам тарқалган. Рекламада аёлларга ўз карьерасини бошлашга ёрдам бериш ваъда қилинади.
Россияда ишлашга рози бўлган аёллардан бири ўз саёҳатини энтикиш билан ҳужжатлаштирган, аэропортда селфилар олган ва учиш йўналиши тасвирида “Европа” сўзига диққат қаратган. Бироқ “Алабуга”га етиб келгач, нима иш қилишини билиб, буни тузоқлигини англаган.
“Компания дронлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бошқа ҳеч нарса... Мен афсусдаман ва ўша ишларни қилишни бошлаган кунимни лаънатлайман”, дейди у.
Бундан ташқари, бошқа аёллар иш вақти узоқ, маоши эса ваъда қилинганидан кам (700 доллар ўрнига 500 доллар) эканидан шикоят қилган. Тўрт нафар ходимнинг айтишича, улар 12 соатлик иш кунига эга, дам олиш кунлари эса ноаниқ. Улар заводда ҳам, ётоқхонада ҳам доимий назорат остида бўлади. Яна бир ишчига кўра, унинг маошидан тураржой, авиабилетлар, тиббий хизмат ва рус тили дарслари харажатлари ушлаб қолинади. Қолган пуллар эса оддий нарсаларга, масалан, автобус йўлкираларини тўлашгагина етади. Унинг маълум қилишича, африкалик аёллар билан “эшак каби” муомала қилинади ва қул сифатида сақлашади. Бундан ташқари, Россияга қарши санкциялар туфайли уйларига пул жўнатиш қийинлашган.
Нашр билан суҳбатлашган барча аёллар кимёвий моддалар билан ишлаши кераклигини, натижада терида қичишадиган “кичик тешиклар” пайдо бўлганини айтган.
Маълумотларга кўра, “Алабуга” Россиянинг асосий камикадзе дронлари ишлаб чиқарувчи заводи ҳисобланади. 2025 йилга келиб, завод йилига 6000 та бундай учувчисиз учар қурилма ишлаб чиқаришни режалаштирган. БМТнинг собиқ қурол назорати инспектори Дэвид Олбрайтнинг сўзларига кўра, бу мақсад режалаштирилганидан олдинроқ амалга ошган — апрель охирига келиб, заводда 4500 та дрон тайёр бўлган.
Қайд этилишича, “Алабуга” Африкадан, Осиёдан ва Жанубий Америкадан аёлларни қурол-яроғ ишлаб чиқариш учун жалб қилаётган ягона Россия заводи. Ишчи кучининг кескин танқислиги шароитида, кўплаб россияликлар ҳарбий саноатга жалб қилинган ёки Украинада уришмоқда. Бундан ташқари, кўплаб одамлар мамлакатни тарк этган бир пайтда завод раҳбарияти арзон хорижий ишчи кучидан ва маҳаллий касб-ҳунар ўқув юртлари талабаларидан фойдаланишга мажбур бўлган. Ҳужжатларга кўра, “Алабуга” ходимларининг сони 2023 йилда 900 кишидан 2024 йилда 2600 кишидан ошган.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вакили Равина Шамдасони Россиянинг бундай ҳаракатлари агар ёллаш алдов йўли билан амалга оширилган ва мақсад эксплуатация бўлса, одам савдосига оид мезонларга мос келиши мумкинлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияга юқори даромад ва фуқаролик ваъдалари жалб қилинган 150 нафарга яқин яманлик Украина фронтида жанг қилаётган бўлиши мумкинлиги хабар қилинган эди.
LiveБарчаси