Оғир демографик вазият сабаб Россияга мигрантлар керак – Песков
Олам
−
22 Ноябрь
9530Россия бошқа мамлакатлардан меҳнат мигрантларига муҳтож, чунки мамлакат оғир демографик вазиятда турибди. Бу ҳақда бугун, 22 ноябрь куни Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Мигрантлар – бу зарурат. Биз дунёдаги энг катта мамлакатмиз, аммо аҳолимиз оз. Динамик ривожланиш ва барча режаларни амалга ошириш учун ишчи қўлларга эҳтиёжимиз бор. Биз мигрантларни қабул қиламиз”, деди Песков.
У, шунингдек, муаммо фақат ноқонуний муҳожирларда эканини таъкидлади, чунки уларнинг қонуний бўлмаган ҳолда Россияда бўлиши диний экстремизм тарқалиши хавфини келтириб чиқаради.
“Мигрантлар муаммо эмас. Муаммо – бу ноқонуний мигрантлар. Қонун бузилган муҳитда ҳар хил жиноятчилик, шу жумладан, диний экстремизм ва наркотик истеъмоли каби хавфли ҳолатлар юзага келади”, деди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Сахалин вилояти ҳукумати муҳожирларга 24 соҳада ишлашни тақиқлаган эди. Унга кўра, чет эл фуқаролари нон ишлаб чиқариш, озиқ-овқат чакана савдоси, ресторанларда ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, мактабгача ва бошланғич умумий таълим, хавфсизлик хизмати фаолияти, йўловчиларга хизмат кўрсатиш, йўловчи таксиси ва ҳайдовчи билан автоуловларни ижарага олиш каби соҳаларда ишлай олмайди.