Альтман OpenAI'га қайтди. Унинг ишдан олиниши ортида компания ҳаммуассиси тургани айтилмоқда
Технология
−
23 Ноябрь 2023
3102Жорий йилнинг 18 ноябрь куни ишдан бўшатилган Сэм Альтман атиги беш кундан сўнг OpenAI бош директори лавозимига қайтди. Компания Х ижтимоий тармоғида Альтман ва янги кузатув кенгаши келишувга эришгани ва ҳозир тафсилотларни муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берди.
17 ноябрь куни OpenAI директорлар кенгаши аниқ тушунтиришсиз Сэм Альтманни бош директор лавозимидан бўшатди, шунингдек, компания асосчиси ва президенти Грег Брокмандан бошқарув раиси лавозимини олиб ташлади.
Уч кундан сўнг Microsoft бош директори Сатья Наделла Альтман ва Брокман ўз корпорациясида янги жамоани бошқаришини эълон қилди.
Ушбу баёнотдан сўнг, OpenAI'нинг 738 нафар ходими (жами компанияда 770 киши ишлайди) норозилик хати ёзиб, Альтманни ишга қайта тиклашни талаб қилди.
Собиқ менежерларни ҳимоя қилиш учун хат имзолаган ходимлар орасида компания таъсисчиларидан бири, директорлар кенгаши аъзоси Илья Суцкевер ҳам бор эди. Журналистлар эса айнан Суцкеверни Альтманнинг истеъфоси ташаббускори деб билишади. OpenAI ва Илья Суцкевер ушбу иддаоларга изоҳ бермади.
“Bloomberg” манбасига кўра, Альтманнинг генератив сунъий интеллектни қандай тезда ривожлантириш ва маҳсулотларни тижоратлаштириш, шунингдек, уни ривожланишининг жамиятга потенциал зарарини камайтириш ҳақидаги ғоялари унинг Илья Суцкевер ва кузатув кенгаши билан зиддиятига сабаб бўлган.
Суцкеверни фикрини ўзгартиришга ва охир-оқибат Альтманни ҳимоя қилиш учун хат имзолашга мажбур қилган сабаб эса номаълум.
Маълумот учун, OpenAI – сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш бўйича жаҳон етакчиларидан бири. ChatGPT томонидан ишлаб чиқилган. OpenAI'нинг асосий инвестори ва эксклюзив ҳамкори Microsoft корпорацияси ҳисобланади.
Сэм Альтман OpenAI асосчиларидан бири. У, шунингдек, одамларга биометрик маълумотлари (тўр пардасини сканерлаш) эвазига бир хил номдаги криптовалютани таклиф қилган Worldcoin лойиҳасининг ҳаммуассисларидан бири эди.
LiveБарчаси