Актёр Матёқуб Матчонов танишини ҳақорат қилгани учун жазоланди
3-саҳифа
−
22 Январь
23973Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов танишини ҳақорат қилгани учун жаримага тортилди. QALAMPIR.UZ суд қарори билан танишди.
Суд ҳужжатларига кўра, жорий йилнинг 15 январь куни Матчонов Кинематография агентлиги биносида бўла туриб, жабрланувчи Э.Ю.ни ўтказилаётган тадбирга халал бериши важи билан бинога киритмаслиги юзасидан келиб чиққан келишмовчилик оқибатида турли сўзлар билан ҳақорат қилиб, унинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситган.
Бугун, 22 январь куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида ҳолат юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида актёр Э.Ю.ни анча йиллардан буён танишини, унинг аризасига асосан агентликда текшириш олиб борилаётганидан хабари борлигини, Э.Ю. ўз аризасида уни Бадиий кенгаш аъзоси сифатида давлат буюртмаси асосида тасвирга олинган киноларда роль ижро этгани ва бу ҳолат манфаатлар тўқнашуви эканини кўрсатиб ўтганини айтган.
Актёрнинг айтишича, воқеа содир бўлган куни Э.Ю. агентликка келган ва шу ерда турган қоровуллар уни ичкарига киритмагани учун улар билан тортишган. Шунда у тадбирга халал бермаслиги учун унга бу ердан чиқиб кетишини айтиб, жаҳл устида Э.Ю.ни ҳақорат қилган.
Бу ҳолат бўйича ундан кечирим сўрашини, ҳолат бунчалик бўлиб кетишини билмаганини, сабаби жабрланувчини укасидек кўриб, унга ҳазил-ҳузул қилган пайтлари бўлганини судга сўзлаб берган. Унинг сўзларига кўра, Э.Ю.ни ариза ёзганини эшитганида, унинг бундай иш қилиши хаёлига ҳам келмаганини, шу сабабли жаҳли чиққанини айтиб, суддан енгиллик беришни сўраган.
Суд қарорига асосан, актёрга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (ҳақорат қилиш) билан кодекснинг 33-моддаси (енгилроқ маъмурий жазо чорасининг қўлланилиши) қўллаган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари – 1 миллион 125 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.