Ахборот соҳасида қонун ишлаб чиқиш ССВга қолдими?

Жамият 4063
image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Маъмурий жавобгарлик кодексига ўзгартириш киритиб, ёлғон хабар тарқатганлик учун жарима жорий қилишни таклиф қилаётгани ҳақида хабар берган эдик. 

Қонун лойиҳаси оммавий ахборот воситаларида, ахборот ва телекоммуникация тармоқларида шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб фуқароларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига, мулкка хавф туғдирувчи, жамоат тартибини оммавий бузишга ва (ёки) жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса ва ташкилотларнинг нормал фаолият юритишига ҳалақит берувчи ишончли хабарлар ниқоби остида ижтимоий аҳамиятга эга ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни била туриб тарқатиш, - маъмурий ҳуқуқбузарлик предмети ҳисобланган воситаларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача, мансабдор шахсларга эса қирқ бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солиш таклиф қилинмоқда. 

Лойиҳага қўшимча қилинган Тушунтириш хатида бугунги кунда учраб турган нохуш ҳолатлардан бири бу COVID-19 вирусининг кўп мамлакатларда тарқалиб, аҳоли мазкур вазиятдан ваҳима ва саросимага тушаётгани таъкидланган.

Мазкур қонун лойиҳаси жамоатчилик орасида кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев мазкур қонун қабул қилингудек бўлса, цензурани куйчайтиришга йўл очиб бериши мумкинлигини айтиб, ССВ ахборот соҳасидан кўра, тиббиёт соҳасидаги муаммолар устида бош қотириши кераклигини айтиб чиқди. 

“Соғлиқни сақлаш вазирлигининг турли эпидемиялар фонида ёлғон хабарлардан фуқароларни ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиққан қонун лойиҳаси цензурани кучайтиришга йўл очиб бериши мумкин.

Тўғриси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот соҳасидан кўра тиббиёт соҳасида тиқилиб ётган муаммоларни бартараф қилиш бўйича қонун лойиҳа ишлаб чиқса бироз мантиқлироқ бўлармиди. Яна билмадим...”, деб ёзади Кушербоев. 

Қонун лойиҳасига нисбатан блогер Нозим Сафари ҳам муносабат билдирди. 

“Ёлғон маълумот тарқатилгани учун ССВ жарима жорий қилишни таклиф қилиб чиқибди. Қизиқ, ўн йиллар давомида ёлғон статистик маълумотлар тарқатган давлат ташкилотларига ҳам тааллуқли бўладими бу? Уларнинг эски маълумотлари интернет тармоқларида сақланиб қолган. Бирма бир кўтариб қаралса, шундай чиройли, бежирим ва ёлғон рақамлар... 

Ва бундай маълумотлар ҳозир ҳам берилмаётганига ишончим тўлиқ комил эмас. Энди-чи? Давлат ташкилотлари ёлғон хабар тарқатса жавобгар бўладими?”, деб ёзади блогер. 

Эслатиб ўтамиз, бугунгача ўзбек жамиятида туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум этиш жазосини бекор қилиш, жарима миқдорини эса кескин камайтириш кун тартибида бўлиб турган эди. Бунга Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди асосий ташаббускор бўлаётганди. Ана шундай бир паллада Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундай қонун лойиҳасини тақдим этиши ва тегишли ташкилотлар уни дастаклаши ажабланарли ҳолат.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 78
Рейтинг: 3
Теглар
t
×