Коронавирус ҳақидаги ёлғонлар Ўзбекистонда янги қонун қабул қилинишига асос бўляпти

Жамият 9796
image

Дунёда тарқалаётган коронавирус сабабли аҳоли  ваҳима ва саросимага тушмоқда. Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёлғон хабар тарқатганлик учун жарима жорий қилишни таклиф қиляпти. Бу ҳақда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритиш учун ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида келтириб ўтилган.

Ҳужжатга ёлғон маълумотлар тарқатиш борасида қўшимча киритилиши кутилмоқда.

Унга кўра, оммавий ахборот воситаларида, ахборот ва телекоммуникация тармоқларида шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб фуқароларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига, мулкка хавф туғдирувчи, жамоат тартибини оммавий бузишга ва (ёки) жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса ва ташкилотларнинг нормал фаолият юритишига ҳалақит берувчи ишончли хабарлар ниқоби остида ижтимоий аҳамиятга эга ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни била туриб тарқатиш, - маъмурий ҳуқуқбузарлик предмети ҳисобланган воситаларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача, мансабдор шахсларга эса қирқ бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Лойиҳага қўшимча қилинган Тушунтириш хатида бугунги кунда учраб турган нохуш ҳолатлардан бири бу COVID-19 вирусининг кўп мамлакатларда тарқалиб, аҳоли мазкур вазиятдан ваҳима ва саросимага тушаётгани таъкидланган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига келиб тушган маълумотларга кўра мазкур вирус 2019-2020 йиллар давомида 138 та давлатда қайд этилган. Дунё бўйлаб бундай пандемик вазият кузатилаётган бир вақтда муайян шахсларнинг вазиятдан фойдаланиб, асоссиз ва нотўғри маълумотлар тарқатиши оқибатида аҳолининг саросимага тушиши, муайян шахсларнинг бундан фойда кўриши, фуқароларнинг турли хабарларга ишониб ўзини ўзи даволаш ҳамда касалликдан ҳимояланиши бошқа зарарли оқибатларга олиб келиши, хусусан ўзи билмаган ҳолда ўз организмига зарар келтириши, жамоат хавфсизлиги ва тартибига хавф туғдириши, ижтимоий аҳамиятга эга ташкилотларнинг нормал фаолият олиб боришига тўсқинлик қилиши, охир оқибат соғлиқни сақлаш тизимга нисбатан ишончнинг йўқолишига сабаб бўлмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда бундай турдаги ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланмаган ва оқибатда бундай ғаразли ниятдаги шахслар ҳеч қандай жавобгарликка тортилмасдан қолмоқда.

Шу сабабдан мазкур масала юзасидан хорижий тажриба ўрганилганда Россия Федерацияси, Украина, Беларусь Республикаси, Филиппин каби ривожланган ва Қозоғистон сингари қўшни давлатларда оммавий ахборот воситаларида, ахборот ва телекоммуникация тармоқларида шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб фуқароларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига, мулкка хавф туғдирувчи, жамоат тартибини оммавий бузишга ва (ёки) жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи, ишончли хабарлар ниқоби остида ижтимоий аҳамиятга эга ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни била туриб тарқатганлик учун жиноий ва (ёки) маъмурий жавобгарлик назарда тутилганлиги аниқланган.

Шаҳноза Тўрамуротова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 148
Рейтинг: 2.9
t
×