Спорт учун синовли ҳафта – Спорт дайжести
Таҳлил
−
14 Январь
6100Бугун орзиқиб кутилган Осиё кубоги, Ўзбекистонда тенгсиз бўлган албаниялик футболчи, 2023 йилнинг энг даромадли шахматчиларидан бўлган Нодирбек Абдусатторов ва катта бренд билан шартнома тузган Абдуқодир Ҳусанов ҳақида гаплашамиз. Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести
“Калила ва Димна” жонланган маросим. Қатар яна дунёни қойил қолдирди
12 январь куни 4 йилда бир маротаба ўтказиладиган футбол бўйича Осиё кубогининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мусобақа мезбони Қатар ва Ливан терма жамоалари ўртасидаги орзиқиб кутилган очилиш тўқнашуви олдидан “Лусаил” стадиони бутун қитъадан келган мухлисларни ажойиб атмосфера билан қарши олди.
Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол-Соний иштирок этган маросим қадимий эртак асосидаги “Калила ва Димнанинг йўқолган бўлими” номли ажойиб театрлаштирилган томоша билан бошланди.
Тил ва чегара билмас Осиёнинг турли маданиятлари ўртасидаги дўстликни намойиш этган спектаклдан сўнг Қатар терма жамоаси сардори Ҳасан Ал Ҳайдос футболчиларнинг қасамёдини қабул қилди.
Маросимда Фаластин-Исроил можароси ҳам эътибордан четда қолмади. Ал Ҳайдос қасамёд қабул қилиб бўлгач, микрофонни Фаластин терма жамоаси сардори Мусаб Ал-Баттатга узатди. Тадбирда Фаластин миллий мадҳиясининг янграгани ҳам араб халқларининг ўзаро ҳамжиҳатлигига ишора қилди.
Маросим ливанлик қўшиқчи Абеэр Неҳменинг чиқишига уланиб кетди. Бадиий чиқишларидан сўнг мафтункор мушаклар шоуси стадиондаги атмосферани янада жонлантирди.
Ниҳоят Осиё кубогининг дастлабки ўйинига старт берилди. Қатар терма жамоасининг устунлигида ўтган баҳс якунда 3:0 ҳисоби билан якунланди. Мезбонлар сафида голларга Акром Афиф ва Алмоез Али муаллифлик қилди.
Маълумот учун, Осиё кубоги баҳслари 10 февралга қадар бўлиб ўтади.
Нодирбек Абдусатторов 2023 йил энг кўп даромад қилган шахматчилар ўнталигига кирди
Халқаро тоифадаги гроссмейстер, 19 ёшли Нодирбек Абдусатторов 2023 йилда 12 та мусобақада иштирок этиб, 190 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотига эга чиқди.
Йил давомида жаҳоннинг энг кўп даромад қилган шахматчиси хитойлик гроссмейстер Дин Лижэнь бўлган. У 2023 йил давомида турнирлардан 1 228 200 АҚШ доллари миқдорида пул ишлади.
Иккинчи ўриндан 1 226 825 АҚШ доллари даромад кўрган россиялик Ян Непомняший жой олди Учинчи ўринни эса 705 155 АҚШ доллари билан Магнус Карлсен банд этди.
Аёллардан, хитойлик Цзюй Вэньцзюнь 354 581 АҚШ доллари ва Лэй Тинцзе 257 171 АҚШ доллари билан ушбу рўйхатга киритилди.
Шунингдек, ўнталикда америкалик Хикару Накамура 284 527 АҚШ доллари билан 7-ўринни эгаллади.
Афсонавий немис футболчиси вафот этди
Футбол бўйича жаҳон чемпиони ва икки карра “Олтин тўп" соҳиби Франц Беккенбауэр 79 ёшида вафот этди.
“Бавария” ва Германиянинг собиқ футболчиси шу йилнинг 7 январь кунида ҳаётдан кўз юмди.
“Биз чуқур қайғу билан эълон қиламизки, Франц Беккенбауэр якшанба куни уйқусида, оиласи қуршовида тинч ҳаётдан кўз юмди”, дейилади манба хабарида.
Футболчи Германия терма жамоаси таркибида 1974 йилги жаҳон чемпионати ва 1972 йилги Европа чемпиони бўлган. “Бавария”да ўйнаб, тўрт марта Германия чемпионлигини қўлга киритган ва 3 карра еврокубокда ғолиб бўлган.
Таниқли америкалик боксчи Путиннинг “ўғли”га айланди
Америкалик таниқли боксчи Кевин Жонсон Россия фуқаролигини олди.
Жонсон 2023 йил сентябрда Россия фуқаролиги учун ариза берган. Спортчи Самарада яшашни хоҳлагани учун ушбу қарорга келгани айтилмоқда. Кейинчалик Жонсоннинг Самарада уй-жой олиш учун ипотека кредитини расмийлаштиргани ҳам маълум бўлди.
Қайд этилишича, боксчи Путин шарафига Владимирович шарифини танлаган.
Маълумот учун, Жонсон 44 ёшда, у профессионал рингда 60 та жанг ўтказган, шулардан 36 тасида ғалаба қозонган (20 таси нокаут билан), 22 тасида мағлубиятга учраган, 2 та жанг дуранг билан якунланган. 2009 йил декабрь ойида америкалик боксчи Жаҳон бокс кенгашининг оғир вазн тоифасидаги чемпионлик унвони учун жангда украиналик Виталий Кличкога ютқазди. Украиналик спортчи эса ўз фаолиятидаги 39-ғалабасини қўлга киритди. 2017 йилда Жонсон италиялик Франческо Пианетани техник нокаут билан мағлуб этиб, Халқаро бокс ташкилоти талқинига кўра чемпион унвонини қўлга киритди, бироқ кейинги йили хорватиялик Петар Миласга техник нокаут билан ютқазиб, камарни ҳимоя қила олмади.
WBC номинациясига Баҳодир Жалоловнинг номзоди қўйилди
Ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Жалолов Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) томонидан истиқболли боксчи номинацияси бўйича номзодлар қаторига киритилди.
Мазкур номинация йил давомида ўз истеъдодини кўрсатиб, катта ўсишга эришган боксчиларга тақдим этилди.
Баҳодир Жалоловдан ташқари соврин учун ирландиялик Каллум Валш, мексикалик Хосе Салас, америкалик Ричард Торрес ва Флойд Шофиелд ҳамда Гватемала вакили Лестер Мартинез даъвогарлик қилмоқда.
Ғолиб спортчи номи овоз бериш йўли билан аниқланади. Ҳозирда WBC'нинг Instagram саҳифасида овоз бериш жараёнлари кетмоқда.
“Ҳар йили минглаб истеъдодли юлдузлар бизга ўзларининг қобилиятини намойиш этади ва улардан биттасини танлаш қийин. Булар бизнинг якуний олтиталигимиз ва сиз ушбу боксчилардан бирини танлашингиз мумкин", дейилади ташкилот хабарида.
Маълумот учун, Баҳодир Жалолов ортда қолган 2023 йилда профбоксда жами 2 та жанг ўтказиб, ҳар иккисда рақибларидан устун келди.
Умар Кремлев Россияда энг яхши спорт раҳбари бўлди
Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) президенти Умар Кремлев Россиянинг энг яхши спорт раҳбари соврини учун овоз беришда ғалаба қозонди.
Манбага кўра, овоз бериш жараёнларида фақатгина Россия фуқаролари иштирок этиши мумкин бўлган.
Қизғин кечган қарама-қаршиликда Халқаро бокс ассоциацияси президенти таниқли мураббий, ҳозирда Бутунроссия бадиий гимнастика федерацияси раҳбари Ирина Виннерни ортда қолдирди. Кремлев овоз бериш жараёнларида 26,2 фоиз овоз олди. Рейтингда 3-ўринни Россия Паралимпия қўмитаси президенти Павел Рожков эгаллади.
Қайд этиш жоиз, Умар Кремлев турли мамлакатлар ва қитъаларнинг бокс федерацияларини бирлаштиришга қаратилган халқаро фаолияти, шунингдек, Россия спортидаги фаол таълим ва хайрия ишлари билан машҳур.
Мане ўзидан 13 ёш кичик қизга уйланди
Жорий йилнинг 7 январь кунида Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” клубининг сенегаллик ҳужумчиси Садио Мане 18 ёшли Ойша Тамбага уйланди.
Ойша 31 ёшли футболчининг ўсмирлик йилларидаги севгилиси бўлган. У рафиқаси билан Сенегалда 16 ёшида учрашган.
Қизиғи шундаки, “Ал-Наср” юлдузи мактабда ўқиб юрган пайтларида Ойша Тамбанинг барча тўловларини тўлаган.
Маълумот учун, Садио Мане жорий мавсум “Ал-Наср” сафида 26 та ўйинда майдонга тушиб, 12 та гол урди ва 6 та голли узатмани амалга оширди. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2026 йилга қадар мўлжалланган. “Transfermarkt”га кўра, футболчининг қиймати 20 миллион еврони ташкил этади.
Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши футболчиси аниқланди
“Андижон” футбол клубининг албаниялик футболчиси Рубин Ҳебайга Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши футболчиси соврини топширилди.
”Лига 8 ой давомида ойнинг энг яхшиларини ўзига хос услубда аниқлаб келди. Овоз бериш жараёнида 18 нафар мустақил экспертлар иштирок этди. Мана шу овозлар жамланмасидан келиб чиқиб, йилнинг энг яхшиси аниқланди”, дейилади манба хабарида.
Ҳебай соврин учун курашда 92 очко тўплаб, “Металлург” аъзоси Забиҳилло Ўринбоев ва “Қизилқум” футболчиси Ислом Кенжабоевни ортда қолдирди. Ўринбоев соврин учун курашда 81 очко тўплаган бўлса, Кенжабоев 71 очкога эга бўлди.
Маълумот учун, Ҳебай ўтган мавсум Ўзбекистон чемпионатида 24 та ўйинда майдонга тушиб, 12 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди. Унинг “Андижон” билан амалдаги шартномаси шу йил охирига қадар амал қилади.
Puma компанияси ўзбекистонлик футболчи билан ҳамкорлик қиляпти
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Франциянинг “Ланс” клуби аъзоси Абдуқодир Ҳусанов спорт кийим-кечаклари ишлаб чиқарадиган машҳур Puma компанияси билан шартнома тузди. Бу ҳақда Ҳусановнинг ўзи Instagram саҳифасида маълум қилди.
“Янги саргузашт бошланади”, деб ёзиб қолдирди футболчи.
Шундай қилиб, Ҳусанов Ўзбекистон тарихида биринчи марта йирик спорт компаниянинг амбассадорига айланди.
Қайд этиш жоиз, Puma кўпгина машҳур футболчилар билан шартномага эга. Компания Неймар, Луис Суарес, Антуан Гризманн ва бошқалар билан ҳамкорлик қилади.
Маълумот учун, 19 ёшли Абдуқодир Ҳусанов “Ланс” клубига ўтган йили ёзда кўчиб ўтди. Ҳозирга қадар ўзбекистонлик футболчи Франция клуби сафида 7 та ўйинда майдонга тушишга улгурди.
Бу ортда қолаётган ҳафта спортига оид энг муҳим янгиликлар эди. Саҳифаларимизни кузатишда давом этинг. Саломат бўлинг.
LiveБарчаси