Академик лицейларга қабул қачондан бошланиши маълум бўлди
Жамият
−
18 Июнь 2021
6536Жорий йилнинг 20 июнидан академик лицейларда 2021/2022 ўқув йили учун ўқувчилардан ҳужжатларини қабул қилиш бошланади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар берди.
Ўқувчилар, уларнинг ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар академик лицейларда ташкил этилган Маслаҳат кенгашларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
• таълим йўналиши, ўқув тили, шакли кўрсатилган ариза (чет тилидан саралаш имтиҳони топшириш белгиланган йўналишларда аризада қайси чет тилидан саралаш имтиҳонни топшириш ҳамда имтиҳонни ўтказиш қоидалари билан танишганлиги кўрсатилади);
• шахсни тасдиқловчи ҳужжат (туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки паспорт/ID-карта) нусхаси;
• 3,5х4,5 см ўлчамдаги 6 та рангли фотосурат (оқ фонда).
Бундан ташқари ҳужжатларни ўқувчилар litsey.edu.uz портали орқали академик лицейларга ўқувчилар ўзлари танлаган йўналишлар бўйича онлайн топширишлари ҳам мумкин бўлади.
Ўқишга имтиёзли кириш ҳуқуқига эга бўлган халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар, мусобақалар ғолиблари асл нусхадаги диплом, сертификат, гувоҳнома ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам топширадилар.
Ҳужжатларни қабул қилиш 30 июнга қадар давом этади.
Аввалроқ, жорий йилнинг 20 июнидан олим таълим муассасаларига ҳужжатларни онлайн қабул қилиш бошланиши ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси