АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базаларига дрон ҳужуми уюштирилди
Олам
−
06 Ноябрь 2023
8753Ироқ ва Суриядаги АҚШ аскарлари жойлаштирилган учта ҳарбий базага ҳужумлар уюштирилди. Бу ҳақда манбаларга таяниб, “Al Mayadeen” телеканали хабар берди.
Уларнинг сўзларига кўра, Ироқнинг Анбар вилоятида жойлашган Айн ал-Ассад базасига учувчисиз самолётлар ёрдамида камида икки марта ҳужум қилинган, АҚШ ва Ғарб коалициясининг Суриядаги Танф шаҳри яқинида жойлашган ҳарбий объектига ҳам дрон ёрдамида зарба берилган. Ушбу ҳужумлар ортида ким тургани ҳақида маълумот берилмаган.
Бундан ташқари, телеканал манбаларига кўра, “Ироқ исломий қаршилик кўрсатиш” ҳаракатининг қуролли шиа бўлинмалари Ироқ Курдистонининг (Ироқ шимолидаги автоном вилояти) Эрбил шаҳри маъмурий маркази шимолида жойлашган базани ўққа тутган. Ҳозирча ҳужумларнинг оқибатлари ҳақида маълумот йўқ.
Пентагон матбуот котиби Патрик Райдернинг 31 октябрдаги баёнотига кўра, 17 октябрдан ўша кунгача АҚШнинг минтақадаги базаларига жами 27 та ҳужум бўлган: 16 таси Ироқда, 11 таси Сурияда. Ўз навбатида, Пентагон раҳбари Ллойд Остин Яқин Шарқдаги АҚШ кучларига Эрон кўмагида амалга оширилган ҳужумларни тўхтатишни талаб қилган. Остинга кўра, бу ҳужумлар оқибатида 21 аскар енгил жароҳат олган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 5 ноябрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Боғдодда Ироқ Бош вазири Муҳаммад ал-Суданий билан учрашувдан сўнг Ироқдаги ёки минтақанинг бошқа мамлакатларидаги Америка ходимларига таҳдид солмоқчи бўлганларга бундай қилмаслик ҳақида аниқ сигнал берганди.
LiveБарчаси