АҚШнинг Украина бўйича позицияси жиддий ўзгарди

Олам

image

АҚШ Украинага хавфсизлик кафолатларини бериш масаласида ўз позициясини жиддий ўзгартирди. Бу ҳақда музокаралардан хабардор манбаларга таяниб, “Financial Times” хабар берди.

Нашрга кўра, АҚШ Европа давлатларига Украинадаги хавфсизликни таъминлаш имкониятини бериши ва Ғарб қўшинлари Украинага жойлаштирилиши керак эди. Энди эса АҚШ Ғарб қўшинларига ўзи ҳам ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилган. Бу Украина ҳудудига кираётган ғарбликларга АҚШ техник ва моддий томондан ёрдам бериши мумкинлигини англатади. 

Яқин кунларда бу борадаги тахминий шартлар тақдим этилиши кутилмоқда. Нашр маълумотларига кўра, Вашингтон Европа давлатларига разведка, кузатув ва рекогностика воситаларини тақдим этиши мумкин. Қолаверса, АҚШ Украинанинг ҳаво хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган муҳим тизимлар устидан назоратда ёрдам кўрсатишни ваъда қилган. 

Нашр буни АҚШ позициясидаги “жиддий ўзгариш” сифатида баҳолаган. Шунга қарамай, музокаралар бўйича ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим масалалар ҳануз мавжуд ва мавҳум қолмоқда. Хусусан, қайси Европа давлатлари қанча ҳарбий юбориши ҳамда бунга Россия қандай муносабат билдириши ҳалигача жавобсиз. Бироқ Европа расмийлари АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Украинага ёрдам беришни истамаслиги каби асосий тўсиқ бартараф этилганини таъкидламоқда. 

Хавфсизликни таъминлаш масаласида Россиянинг позицияси ҳам ҳалигача ўзгармаган. Кремль хавфсизлик кафолатларини Украина можаросини ҳал қилишдаги энг муҳим мавзулардан бири сифатида кўриб келади ва Европа ҳарбийларининг Украинада жойлаштирилишига мунтазам қарши чиқиб келган. 

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, Москва Украинага хавфсизлик кафолатларини фақат 2022 йил баҳорида – Истанбулда келишилган режага биноан – БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари (жумладан, Россия ва Хитой) иштирокида таъминлашга рози, аммо Украина Хитойни бу сафда кўришга қарши. Президент Владимир Зеленскийга кўра, Пекин 2022 йилда урушни тўхтатишга ёрдам бермаган ва 2014 йилда Россия Қримни қўшиб олганида ҳам “ҳеч нарса қилмаган”.

“Bloomberg” нашрининг маълумотларига кўра, шу кунгача 10 та давлат Украинага хавфсизлик кафолатларини таъминлаш учун ўз бўлинмаларини юборишга тайёр. Булар орасида Россия манфаатдор бўлган Хитой ҳам мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италия ҳукумати Украинада урушдан зарар кўрган ҳудудларни миналардан тозалаш учун ўзининг ҳарбий мутахассисларини юборишга тайёрлигини билдирганди. Нашрнинг ёзишича, Рим Украинага қўшин юборишни режалаштирмаяпти, лекин уруш ўчоқларига миналардан тозаловчи гуруҳни юбормоқчи.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Европа Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг