АҚШнинг собиқ давлат котиби Генри Киссинжер 100 ёшида вафот этди

Олам

image

АҚШ собиқ давлат котиби, тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Генри Киссинжер 100 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди. 

Қайд этилишича, Генри Киссингер кеча, 29 ноябрь куни Коннектикутдаги уйида вафот этган.

Киссинжер 1923 йил 27 майда Германиянинг Фюрт шаҳрида диндор яҳудий оиласида туғилган. 1938 йилда мамлакат яҳудийларга қарши қонунлар қабул қилганидан уч йил ўтгач, унинг оиласи Германияни тарк этиб, АҚШга қочиб кетган.

У ерда у ўз исмини Хайнц Альфред Киссинжердан Генри Киссинжерга ўзгартирган. 1940 йилда у маҳаллий мактабни тугатгач, Нью-Йоркдаги коллежга ўқишга кирган.

1943 йилда Киссинжер Америка фуқаролигини олган. Кейинги уч йил давомида у АҚШ армиясида хизмат қилган. У аввал армияда таржимон бўлиб, кейин Германиянинг Гессен шаҳрининг контрразведка корпусига ўтказилган. У армиядаги хизматлари учун "Бронза юлдуз" медали билан тақдирланган.

1947 йилда у Гарвард университетига ўқишга кириб, у ерда сиёсатшунослик бўйича бакалавр даражасини, кейин эса докторлик даражасини олган. 1954-1969 йилларда ушбу ўқув юртида ўқитувчилик қилган. Киссинжернинг сиёсий фаолияти 1960 йилларнинг охирида бошланган.

Илгари у Президентлар – Дуайт Эйзенхауэр, Жон Кеннеди ва Линдон Жонсоннинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган ва Қуролсизланиш ва Қуролларни назорат қилиш агентлигида ишлаган.

1969 йилда Киссинжер АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи бўлган ва 1975 йилгача бу лавозимда ишлаган. 1973 йил сентябридан бир вақтнинг ўзида Давлат котиби бўлиб ишлаган. У бу лавозимни 1977 йилда тарк этган.

Киссинжер ушбу лавозимларда хизмат қилаётганда:

  • Хитой билан алоқалар ўрнатиш режасини ишлаб чиқди ва 1972 йилда Президент Ричард Никсоннинг ХХРга ташрифини ташкил қилди, ундан олдин Киссинжер у ерга яширин саёҳатлар қилган;
  • СССР билан муносабатларни ўрнатди ва худди шу 1972 йилда Никсон бошчилигидаги Америка делегацияси таркибида Совет Иттифоқи ва Қўшма Штатлар ўртасида “Стратегик ҳужум қуролларини чеклаш тўғрисида”ги битим тузиш учун Москвага келди (START). Кейинчалик Киссинжер СССРга бир неча бор ташриф буюрди.
  • шунингдек, у Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилишда қатнашган.
  • 1973 йилда у Вьетнам урушини тугатиш учун Париж тинчлик шартномасини имзолаган.

Давлат котиби лавозимини тарк этганидан беш йил ўтгач, у таҳлил ва эксперт баҳоларини тайёрлашга ихтисослашган Kissinger Associates Inc халқаро консалтинг фирмасига асос солган.

1984 йилдан 1990 йилгача у АҚШ Президенти ҳузуридаги разведка бўйича маслаҳат кенгашида ишлаган, 2002 йилда эса 11 сентябрь комиссиясини икки ярим ҳафта давомида бошқарган.

У бир нечта китобларни нашр этган, жумладан, "Генри Киссинжердан сабоқлар" (2016) – унда Россиянинг келажаги, Хитойнинг юксалиши ва Яқин Шарқдаги воқеалар ҳақидаги қарашлари акс эттирилган.

Киссинжернинг мукофотлари орасида Президентнинг Озодлик медали (жамоат ҳаётига қўшган улкан ҳиссаси учун АҚШ Президенти томонидан берилади) ва Мюнхен хавфсизлик конференцияси Эвальд фон Клейст мукофоти (тинчлик ва можароларни ҳал этишга қўшган улкан ҳиссаси учун берилади) киради.


Мақола муаллифи

Теглар

Генри Киссинжер давлат котиби

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг