АҚШнинг БМТдаги вакили Туркиянинг Суриядаги операциясига қарши чиқди
Олам
−
02 Июнь 2022
4588Туркиянинг Сурия шимолида режалаштираётган операцияси минтақадаги вазиятни беқарорлаштиради ва халқаро коалициянинг ИШИДга қарши курашиш бўйича барча саъй-ҳаракатларини пучга чиқаради. Бу ҳақда Америка Қўшма Штатларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги элчиси Линда Томас-Гринфилд Туркия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Седат Ўнал билан бўлган суҳбатда таъкидлади. Суҳбат тафсилотлари Американинг жаҳон ташкилотидаги миссияси Матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
“Элчи Томас-Гринфилд Қўшма Штатлар Сурия шимолида ҳарбий амалиётларнинг қайта тикланишига қарши эканлигини, бу аҳолининг кўчишига олиб келиши, ердаги заиф вазиятни янада беқарорлаштириш хавфи ва ИШИДга қарши халқаро коалициянинг саъй-ҳаракатларига путур етказиши мумкинлигини айтди”, дейилади хабарда.
Доимий вакил Вашингтон Туркиянинг минтақавий хавфсизлик соҳасидаги қонуний манфаатларини тушунишини таъкидлади, аммо муаммоларни курдлар билан мулоқот ва дипломатия йўли билан ҳал қилишга чақирди.
Маълумот учун, 1 июнь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Сурия шимолида янги аксилтеррор операцияси бошланганини маълум қилди. Унга кўра, Туркия билан чегарадан 30 километр ичкарида “хавфсизлик зонаси”ни шакллантириш бошланмоқда. Туркия Президентига кўра, кейинчалик Туркия билан чегарадош бошқа ҳудудларни ҳам террорчилардан тозалаш режалаштирилган.
Бир неча кун олдин Эрдўған жанубий чегаралар бўйлаб 30 километрлик хавфсизлик зонасини яратиш бўйича ишларни якунлаш режасини эълон қилганди. Унинг таъкидлашича, Курдистон Ишчилар партияси билан алоқалари учун Анқара томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган Сурия Курдистони халқ ҳимояси бўлинмалари Туркия ва Суриянинг тинч аҳолисига ҳужум қилишда давом этмоқда. Сурия Туркияни этник аҳолини “тозалаш”да айблади.
LiveБарчаси