АҚШнинг аниқ зарба берувчи ракеталари қолмади – “Reuters“

Олам

image

АҚШ армияси Эрон билан беш ойдан бери давом этаётган урушда узоқ масофага юқори аниқликда зарба берувчи ракеталар захирасининг катта қисмини ишлатиб юборди. Бу ҳақда масаладан хабардор уч нафар манбага таяниб, “Reuters” хабар берди.

Нашрга кўра, АҚШ армияси ерусти нишонларига зарба беришга мўлжалланган ATACMS (Army Tactical Missile Systems) ва PrSM (Precision Strike Missile) ракеталарининг деярли барчасини ишлатган. Манбаларнинг иккитаси ушбу турдаги ракеталар захираси “деярли тўлиқ” тугаганини билдирган.

Қайд этилишича, АҚШнинг ATACMS ва PrSM ракеталари захираси шу даражада камайгани ҳақида аввал хабар берилмаган. Мазкур ракеталар узоқ масофадан туриб нишонларни юқори аниқликда йўқ қилиш имконини беради. АҚШ етказиб берган ATACMS ракеталари Украина томонидан Россия ҳудудидаги нишонларга зарба беришда ҳам қўлланилган. PrSM эса ATACMS ўрнини босиши режалаштирилган янги авлод ракетаси ҳисобланади.

Ҳарбий таҳлилчиларга кўра, нархи 1 миллион доллардан ортиқ бўлган ушбу ракеталар Хитой билан юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий можарода ҳам муҳим роль ўйнайди.

“Reuters” суҳбатлашган манбалар АҚШ омборларида ушбу ракеталардан айнан қанча қолгани ҳақида маълумот бермаган.

Нашрнинг ёзишича, Президент Дональд Трамп жорий йилнинг февраль ойида Исроил билан биргаликда Эронга қарши ҳарбий амалиётни бошлаган ва можаро қисқа муддат давом этишини кутган. Аммо уруш беш ойга чўзилгани сабабли ракета захиралари кескин камайган.

Қайд этилишича, Raytheon компанияси Пентагон билан Tomahawk ракеталари ишлаб чиқаришни сезиларли даражада оширишни назарда тутувчи кўп йиллик келишувга эришган. Мазкур келишув АҚШнинг камайиб бораётган ракета захираларини тиклашга қаратилган чора-тадбирларнинг бир қисми ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг баллистик ракетали ҳужумларидан ҳимояланиш учун Украинага янги ракеталар кераклиги ҳақида хабар берилган эди.

Оқ уй “Reuters” сўровига жавобан Президент Дональд Трампнинг баёнотини тақдим этган. Унда АҚШ “дунёдаги ҳар қандай давлатдан кўра кўпроқ ўқ-дорига эга экани ва зарур бўлганидан ҳам ортиқ захирага эгалиги” таъкидланган.

Трамп, шунингдек, АҚШ мудофаа саноати корхоналари тарихдаги энг юқори суръатда ўқ-дори ишлаб чиқараётгани, заводлар ва ишлаб чиқариш қувватлари рекорд даражада кенгайтирилаётганини билдирган.

Бироқ ҳарбий таҳлилчилар айрим турдаги ракеталар ва артиллерия снарядлари ишлаб чиқарилиши рекорд даражага чиққан бўлса-да, узоқ давом этадиган уруш эҳтиёжларини тўлиқ қоплаш учун бу етарли бўлмаслиги мумкинлигини қайд этмоқда.

Lockheed Martin компанияси, яъни ATACMS, PrSM ва THAAD ракеталарини ишлаб чиқарувчи корхона “Reuters” саволларига изоҳ бермаган. Raytheon компанияси ҳам Tomahawk ракеталари ва Patriot тизимлари захиралари бўйича саволларга жавоб қайтармаган.

Пентагон матбуот котиби Шон Парнелл эса АҚШ армияси Президент буйруқ берган исталган вақтда ва исталган ҳудудда ҳарбий операцияларни амалга ошириш учун етарли салоҳиятга эга эканини билдирган.

Манбаларга кўра, сўнгги бир ҳафта ичида Трамп маъмуриятида Эрон бўйича ҳарбий амалиётларни қанча муддат давом эттириш мумкинлиги юзасидан кескин муҳокамалар ўтказилган. Айрим расмийлар ракета захиралари янада камайиши АҚШнинг бошқа минтақалардаги эҳтимолий инқирозларга тезкор жавоб қайтариш имкониятларини чеклаши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Манбалардан бирининг айтишича, Трамп маъмурияти Эрон нишонларига учувчили ҳарбий самолётлар ёрдамида зарба бериш ўрнига узоқ масофали ракеталардан фойдаланишни афзал кўрган. Айнан шу қарор ATACMS ва PrSM ракеталарининг тез суръатларда сарфланишига олиб келган.

Center for Strategic and International Studies (CSIS) ҳисоботига кўра, PrSM ракеталари нисбатан янги қурол бўлгани сабабли уруш бошланишидаёқ уларнинг захираси кам бўлган. Шу билан бирга, АҚШ армияси 2027 йил учун ушбу ракеталардан катта ҳажмда буюртма берган. Ҳарбийлар ATACMS ишлаб чиқариш босқичма-босқич тўхтатилиши ва унинг ўрнини PrSM эгаллашини ҳам маълум қилган.

“Reuters”нинг ёзишича, АҚШнинг мудофаа тизимлари учун мўлжалланган ракеталар захираси ҳам сезиларли даражада камайган. CSIS ҳисоб-китобларига кўра, февраль ва июль ойлари оралиғида Patriot тутиб қолувчи ракеталарининг қарийб 65 фоизи, THAAD тизими ракеталарининг эса камида 38 фоизи сарфланган. Reuters суҳбатлашган икки манба ушбу рақамлар АҚШ ҳукуматдаги ички маълумотларга мос келишини тасдиқлаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг