АҚШнинг 4 штати парламенти олдига қуролланган фуқаролар тўпланди

Олам

image

АҚШнинг Огайо, Техас, Орегон ва Мичиган штатларидаги Капитолий бинолари олдида қуролланган намойишчилар тўпланди. Бу ҳақда "The New York Times" маълумот берган. 

Мичигандаги маълумотларга кўра, келганларнинг баъзилари қуролланган бўлишига қарамай, шаҳарда вазият тинч. Бундан ташқари, парламент ёнидаги майсазорда кўплаб журналистлар бор. 

Шунингдек, миллий гвардия зобитлари навбатчилик қилмоқда, вертолётлар ҳам шаҳар осмонини қўриқламоқда. 

Таъкидланишича, жорий йилнинг 16 январь куни Вашингтонда полиция АҚШ Конгресси биноси ҳудудига кирмоқчи бўлган қуролланган кишини ҳибсга олган. 

Ҳибсга олинган Уэсли Алан Билер исмли шахс Виржиния фуқароси бўлган. У машинада Капитолий биноси олдидаги назорат пунктига борган, аммо унинг ҳудудга ўтиши мумкин бўлмаган. Полиция ундаги тўппонча, 500 дан ортиқ ўқ-дорилар ва ов милтиғини мусодара қилган.

Натижада, эркак рўйхатдан ўтмаган ўқотар қурол, ўқ-дорилар ва бошқа ҳуқуқбузарликлари учун ҳибсга олинган. 

Қайд этилишича, АҚШнинг сайланган Президенти Жо Байденнинг инаугурацияси арафасида Вашингтонда фавқулодда режим жорий этилган. 

Миллий гвардия матбуот хизматида хабар қилинганидек, Байденнинг инаугурация кунига қадар расмийлар 25 мингга яқин миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини Вашингтонга тартибни сақлаш учун топширмоқчи.

Аввалроқ, АҚШ сенаторлари Байденнинг инаугурацияси куни амалдаги Президент Дональд Трамп тарафдорлари Вашингтондаги Капитолий биносига бостириб кириш ниятида экани ҳақида огоҳлантирган эди.

Эслатиб ўтамиз, 6 январь куни АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трампнинг тарафдорлари АҚШ Конгресси биносига бостириб кириб, парламент сўнгги сайловлар натижаларини тасдиқлаши керак бўлган мажлисни тўхтатган. Ҳодиса натижасида беш киши ҳалок бўлган. 

Вашингтондаги тартибсизликлар ортидан Вакиллар Палатаси Суд-ҳуқуқ қўмитаси раҳбари Жерри Надлер Трампга соддалаштирилган тартибда импичмент эълон қилишни таклиф қилган.

АҚШ Сенати сайланган Президент Жо Байденнинг 20 январь куни ўтказиладиган инаугурациясидан бир соат ўтгач, Трампга қарши импичмент айбловларини кўриб чиқишни бошлаши мумкин. 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ тартибсизликлар

Баҳолаганлар

72

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг